Илон Маскнинг SpaceX компанияси 60 та Starlink суний йўлдошига эга Falcon 9 ташувчи ракетасини учирди, деб ёзмоқда «РБК». Учиш жараёни корпорация сайтида трансляция қилинган.

Фото: Getty Images

«Starlink дунёнинг ҳалигача интернетга уланиш муаммоли бўлган ҳудудлари учун жуда мос келади», — деб ёзилган компаниянинг Twitter’даги саҳифасида. Ушбу дастур бутун дунё бўйлаб интернет алоқасини яхшилаш ва кенгайтиришга қаратилган.

Илон Маскнинг компанияси 2020 йил декабрида Starlink лойиҳаси доирасида олис ва қишлоқ жойларини сунъий йўлдош интернети билан таъминлаш учун АҚШ ҳукуматидан 885,5 миллион доллар субсидия олиши маълум бўлган эди. SpaceX’га маблағлар ўн йил мобайнида ҳар ой бериб турилади. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати компанияга мамлакатнинг 35 та штатида 642 925 та нуқтада интернетни таъминлаш хизматларини кўрсатиш учун қўшимча пул ажратади.

Аввалроқ SpaceX компаниясига тегишли Falcon 9 ташувчи ракетаси 60 та Starlink коммуникация сунъий йўлдошларининг навбатдаги гуруҳи билан орбитага муваффақиятли учирилган эди. Парвоз 4 февраль куни Тошкент вақти билан 11:19 да Флоридадаги Канаверал бурнидан амалга оширилган.

Кейинроқ унинг кўп марталик биринчи поғонаси Of Course I Still Love You («Албатта, сени ҳали ҳам яхши кўраман») сузувчи платформасига муваффақиятли қўнган.

3 февраль куни эса SpaceX компанияси томонидан Ой ва Марсга парвоз қилиш учун ишлаб чиқилган Starship космик кемаси прототипи АҚШнинг Техас штатида ўтказилган синовлар чоғида, қўниш вақтида портлаб кетган.

Эслатиб ўтамиз, 23 январь куни эса SpaceX Falcon ташувчи ракетасини 143 та сунъий йўлдош билан учириб, битта ракетада учирилган сунъий йўлдошлар сони бўйича жаҳон рекордини янгилаган.