Япония компанияларининг 56 фоизи 2021 йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига қарши чиқди, деб хабар бермоқда Reuters 15 февраль, душанба куни Tokyo Shoko Research тадқиқот компанияси маълумотларига асосланиб.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, 1—8 февраль кунлари ўтказилган сўров натижаларига кўра, Япония компанияларининг 56 фоизи коронавирус тарқалиш хавфи туфайли 2021 йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг кейинга қолдирилишини ёки бекор қилинишини хоҳлайди.

Таъкидланишича, 2020 йил август ойидаги сўров натижаларига нисбатан норозилар сони 3 фоизга кўпайган.

Сўровда қатнашган компанияларнинг атиги 7,7 фоизи Олимпиаданинг тўлиқ ўтказилишини ёқлаган. 2020 йили ушбу позициядаги компаниялар 22,5 фоизни ташкил этган.

Иштирокчиларнинг 20 фоизи ​​Олимпиадада томошабинлар сонини чеклаш тарафдори, умуман томошабинларсиз ўтказилишини ёқлаганлар 17 фоизни ташкил қилган. Япония компанияларининг 70 фоизидан кўпроғи Олимпиадани бекор қилиш ёки кечиктириш уларнинг даромадларига таъсир қилиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, Халқаро Олимпиада президенти ўйинлар томошабинларсиз ўтказилишини хоҳламаяпти.

Маълумот учун, Токио—2020 мусобақаси 24 июлдан 9 августгача ўтказилиши керак эди, аммо коронавирус пандемияси туфайли мусобақалар бир йилга қолдирилди. Шундай қилиб Олимпиада ўйинларини 2021 йил 23 июлдан 8 августгача бўлган оралиқда ўтказиш режалаштирилган. Паралимпия ўйинлари эса 24 августдан 5 сентябргача бўлиб ўтади.

Япония пойтахтидаги бўлиб ўтиши керак бўлган Олимпия ўйинлари тарихда биринчи марта тинчлик даврида қолдирилган Олимпияда ҳисобланади.