Коронавирус пандемияси Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли, аммо қисқа муддатли салбий таъсир кўрсатди. Spot’нинг хабар беришича, бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссиясининг якунида айтилди.

Фото: The Guardian

«Пандемия 2020 йилнинг биринчи ярмида иқтисодиётга кучли таъсир кўрсатиб, оғир синов бўлганига қарамай, унинг тарқалишини чеклаш бўйича қатъий ва ўз вақтида кўрилган чоралар ва кўрсатилган қўллаб-қувватлашлар туфайли енгил кечди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, қайд этилишича, бунинг натижасида Ўзбекистон 2020 йилда умумий ижобий ўсиш суръатлари 1,6 фоиз даража атрофида бўлган кам сонли мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Аммо бу пандемиядан олдинги прогнозга нисбатан анча паст кўрсаткич.

2021 йилда мамлакатда иқтисодий ўсиш давом этиши кутилмоқда, аммо ноаниқлик даражаси юқори бўлиб қолмоқда. Тикланиш, хусусан, вакцинация кўламига боғлиқ бўлади.

Барча мамлакатларда вакцинациянинг авж олиши, савдо шериклари бўлган мамлакатларда ўсишнинг тикланиши кутилаётганини ҳисобга олган ҳолда ҳамда 2020 йил иккинчи ярмида мамлакат иқтисодиётининг тикланиши натижасида 2021 йилда иқтисодиётнинг ўсиши прогнози, тахминан, 5 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.

Бироқ касалликнинг янги тўлқини, вакцинациялаш суратининг кутилаётганидан ҳам секинроқ ўтиши ва хом ашё нархлари, аввало, олтин нархининг ўзгарувчанлиги туфайли иқтисодий ўсиш секинроқ кечиши мумкин.

Тикланиш, шунингдек, одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатишга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг давомийлигига боғлиқ бўлади. Айни пайтда кўрилган чораларни юмшатмаслик лозимлиги таъкидланган.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати оқилона деб баҳоланмоқда. Кредит ставкалари тўлиқ бозорга асосланган бўлиши керак, шу билан бирга, имтиёзли кредитлар субсидиялар билан алмаштирилиши лозим.

«Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш тизимини яхшилаш ва энг муҳими, унинг олдиндан таҳлил қилиш қобилиятини ва барқарорлигини ошириш зарур, чунки мунтазам ва бир марталик ўзгаришлар инвесторларни тўхтатиб туради», — дейилади хабарда.

Ҳукумат (асосан) давлат қўлида қоладиган компаниялар учун стратегик инвесторларни жалб қилиш учун таниқли маслаҳатчиларни ёллашни давом этириши ва очиқ ҳам ошкора тартибда сотиш учун бошқа йирик давлат корхоналарини тайёрлаши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг апрелида Халқаро валюта жамғармаси иқтисодий прогнозини эълон қилган ва унда жаҳон иқтисодиётида ЯИМнинг йил охирига бориб 3 фоизга тушиши мумкинлигини билдирганди. Бу 2009 йилдан бери кузатилган биринчи рецессия бўлади, 11 йил аввал глобал иқтисодиёт 0,08 фоизга қисқарганди.