Американинг Perseverance тадқиқот аппарати Марсга муваффақиятли қўнишни амалга оширди, деб ёзади «РБК». АҚШ Аэронавтика ва коинотни тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA) жараённи тўғридан-тўғри трансляция қилди.

Фото: NASA

Қўниш тахминан етти дақиқа давом этган. Бу вақт мобайнида барча операциялар автоматик режимда амалга оширилди. NASA’дагилар маълум қилишича, аппаратнинг ҳаракатланиш тезлигини пасайтириш учун унинг парашюти очилган, кейинроқ эса марсоходнинг уни юқори ҳароратлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган қопламаси ажралиб чиққан. Қўнишнинг якуний босқичида қўниш модулининг тормоз двигателлари ишлаб кетган, шундан сўнг аппарат занжирлар орқали сайёранинг юзасига туширилган.

Аппаратни Езеро кратерига қўндириш режалаштирилган эди, у ерда аввалроқ сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ёрдамида катта кўлга бориб қуйилган дарё ўзанининг изи топилган эди. Олимлар фикрича, кратерда ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин, уларни марсоход қидиради.

Қўнишдан кейин ровер Марсда олинган илк кадрларни юборди, улар Perseverance’нинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинди. Шунингдек, NASA 22 февраль куни марсоход камераси билан олинган видеони, яна бир неча ҳафтадан кейин эса бутун қўниш жараёнининг видеосини эълон қилишга ваъда берди.

Шундан кейин АҚШ президенти Жо Байден NASA’ни Perseverance тадқиқот аппаратининг Марсга муваффақиятли қўнгани билан табриклади. Маълумотларга кўра, у қўнишдан кейин бир соат ўтиб, агентлик вазифасини бажарувчи Стив Журчикка қўнғироқ қилиб, жамоани қутлаган ва NASA билан фахрланишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 31 июнь санасида NASA бортига Perseverance номли янги аппарат ўрнатилган Atlas V ракета-ташувчисини Канаверал саҳросидан учирган эди.