Швециялик экофаол Грета Тунберг Марсни забт этиш режаларини танқид қилган сатирик реклама ролигини эълон қилди, деб хабар беради Daily Mail.

Фото: Reuters

Тунберг бошчилигидаги The Fridayс фор Future (ФФФ) халқаро иқлим кампанияси YouTube’га Ердаги стресс ва муаммолардан узоқлашиб, янги ҳаёт бошлашни хоҳловчи инсонларни ҳайратомуз ландшафт ҳамда ақл бовар қилмас манзараларга эга «беғубор ўлка» – Марс кутаётгани акс этган сатирик видео жойлаштирди.

«Биз ретро-футуристик ва ташвиқот жанрида таъсирли фильм яратишни мақсад қилдик», – дейди видеони тайёрлашда ёрдам берган «ФРЕД & ФАРИД» реклама агентлиги.

Тунбергнинг сўзларига кўра, Марсни забт қилиш тўғрисида гапирилаётганига қарамай, бу вариант жуда оз сонли одамларга тегишли бўлади. Бундан ташқари, Ер юзида шундоқ ҳам «муаммолар етарли».

Экофаол космик тадқиқотлар учун миллиардлаб доллар сарфлайдиган ҳукумат ва корпорацияларни биринчи навбатда иқлим ўзгариши билан шуғулланишга чақирди.

Ролик NASA ўзининг Perseverance марсоходини Марсга қўндирганидан сўнг эълон қилинди. Ташкилотнинг таъкидлашича, ушбу жараён (марсоходни сайёрага қўндирилиши) қизил сайёрани ўрганишда бурилиш нуқтаси ҳисобланади.

Маълумот учун, Perseverance марсоходи 19 февраль куни Марсга муваффақиятли қўнди. АҚШ президенти Жо Байден NASA’ни Perseverance тадқиқот аппаратининг Марсга муваффақиятли қўнгани билан табриклади. Маълумотларга кўра, у қўнишдан кейин бир соат ўтиб, агентлик маъмури вазифасини бажарувчи Стив Журчикка қўнғироқ қилиб, жамоани қутлаган ва NASA билан фахрланишини айтган.

Бундан аввал Швецияда экофаол Грета Тунберг шарафига почта маркаси чиқарилгани ҳамда у миллион евролик мукофотга лойиқ кўрилгани ҳақида хабар берилганди.