Ерга 22 февраль куни футбол майдони ҳажмидаги 2020 ХU6 астероиди яқин келади. Бу ҳақда NASA JPL тадқиқот маркази маълумотига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Depositphotos

Олимларнинг фикрига кўра, космик объект ҳажми 213 метрни ташкил этади. У сайёрага 4 миллион километрдан кўпроқ масофада яқинлашади.

Унга қўшимча равишда, 22 февраль куни ҳажми 23 метр келадиган 2020 BV9 астероиди Ерга 5,6 миллион километр масофада ва 40 метр катталикдаги 2021 CC5 астероиди эса 6,9 миллион километр масофада яқин келади.

2020 йилнинг декабрь ойи охирида NASA Ерга учта астероид яқинлашаётгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг энг кичиги, ҳажми 3,1—7 метрдан ошмаган 2020 YM1 астероиди сайёрага энг яқин келиши керак эди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг марказидан Ернинг марказигача бўлган масофа 629 минг километрдан ортиқ бўлиши керак. 210 метр бўлган энг катта астероид билан Ер марказидаги масофа 3 миллион километрдан ошиқроқ деб ҳисобланган.

Ўшанда совет ва рус астрономи, Россия Фанлар академиясининг академиги Михаил Маров «РБК» билан суҳбатда илгари тахминан 200 метр ҳажмдаги осмон жисмлари уч-тўрт баравар камроқ масофада Ер атрофидан бешикаст учиб ўтганини таъкидлаган. Физика-математика фанлари доктори, Москва давлат университети Ядро физикаси институтининг етакчи илмий ходими Александр Панов ҳам ўша астероидларда сайёра учун хавфли бирор нима кўрмаганини айтган.

Шунингдек, 2020 йилнинг ноябрь ойи охирида Ер сайёраси ёнидан диаметри 370—820 метр атрофида бўлган потенциал хавфли астероид учиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Space Reference мазкур осмон жисми ва Ер ўртасидаги масофа 4 миллион километрдан ортиқроқни ташкил этиши ҳақида маълум қилган. Таққослаш учун Ой ва Ер орасидаги масофа бундан ўн баробарга кам.

Аввалроқ Апофис астероиди тезлигини ошириб, Ерга яқинлашаётгани, улкан осмон жисми 48 йилдан сўнг сайёрга келиб урилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.