Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмланишдан бош тортганларга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан ўтказилган парламент эшитувида маълум қилди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

«Ихтиёрий эмланишдан бош тортадиган бўлса, уларга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Эмланиш ихтиёрий бўлгандан кейин ундан воз кечилса, фақатгина эмлашнинг афзаллиги тушунтирилади. Лекин эмланиш ниятида бўлмаган одамга иш ва меҳнат фаолиятида ҳеч қандай таъсир чоралари кўрилмайди», — деган у.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилиши ҳақида аввалроқ ССВ ҳам маълум қилганди.

Биринчилардан бўлиб касаллик юқиш хавфи юқори бўлган кишилар: 65 ёшдан катталар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турадиганлар, Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари, транспорт ходимлари (метро, темир йўл, аэропорт), мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда хизмат қилаётган ходимлар, чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари эмланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари вакилларини эмлаш бепул амалга оширилади.

Коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек, чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлигининг ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу сабабли Ўзбекистонда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати қайта кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилди. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.