Украина Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) доирасида имзоланган фуқаролик авиацияси ва ҳаво майдонидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалардан чиқди. Мамлакат президенти Владимир Зеленский тегишли фармонни имзолади, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: «РИА Новости»

Гап иккита шартномадан чиқиш ҳақида кетмоқда. Биринчи шартнома 1991 йил 25 декабрда Минскда имзоланган фуқаро авиацияси ва ҳаво майдонидан фойдаланиш тўғрисида. Ушбу ҳужжатга биноан, уни имзолаган давлатларнинг ҳаво ҳудуди ягона ҳисобланади. Шунингдек, келишув томонлари авиация ва ҳаво кенглигидан фойдаланиш бўйича кенгаш — Давлатлараро авиация қўмитасини (ДАҚ) тузган эди.

Давлатлараро авиация қўмитаси (ДАҚ) 1991 йил декабрь ойида 12 та давлат томонидан тузилган фуқаролик авиацияси ва ҳаво майдонидан фойдаланиш тўғрисидаги давлатлараро битим асосида ташкил этилган. Уни Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина имзолаган. Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари — ягона авиация қоидаларини сақлаб қолиш, авиация техникаси ва уни ишлаб чиқаришни сертификатлашнинг ягона тизими, шунингдек, авиация ҳодисаларини мустақил текшириш ва фуқаролик авиациясини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштиришдан иборат.

Шунингдек, Киев 1992 йил 15 майда Тошкентда имзоланган ҳаво майдонидан фойдаланиш тўғрисидаги битимдан чиқишини эълон қилди. Ҳужжат, хусусан, унинг иштирокчилари «Ҳамдўстлик Қуролли кучлари фаолиятини амалга ошириш учун ўз ҳудуди бўйлаб ҳаво майдони дахлсизлигини таъминлайди ва уларнинг нормал ишлашини бузилишига ёки мураккаблашишига олиб келадиган ҳаракатларни амалга оширмайди».

Украина президенти ўз фармонида Ташқи ишлар вазирлигига авиация ва ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича давлатлараро кенгашга Украинанинг шартномалардан чиқиши тўғрисида хабар беришни буюрди.

Украина МДҲга асос солган давлатлардан бири бўлган, аммо Киев МДҲнинг 1993 йилда ишлаб чиқилган низомини ҳали тасдиқламаган. 2014 йил февраль ойида Украинада ҳокимият алмашганидан сўнг, мамлакатнинг янги раҳбарияти МДҲ доирасидаги шартномаларни бузиш жараёни бошлаганини эълон қилди. 2014 йил март ойида Украинанинг Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши мамлакатнинг МДҲдаги раислик фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди ва Ҳамдўстликдан чиқиш жараёни бошланганини эълон қилди.

2018 йил май ойида Украина МДҲнинг устав органлари ишида иштирок этишни тўхтатди, Ҳамдўстликнинг устав органларидан мамлакатнинг барча вакиллари чақириб олинди. Шундан сўнг Киев ассоциация доирасидаги ҳамкорлик шартномаларидан чиқиш жараёнини бошлади. 2019 йил январь ойида мамлакат ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳамкорлик ва иқтисодий маълумотларнинг давлатлараро алмашинуви тўғрисидаги битимлардаги иштирокини тўхтатди.

2020 йил августда Украина МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги чегара қўшинларининг илмий-тадқиқот фаолияти соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимдан чиқди. Бунга Киевнинг чегара қўшинлар қўмондонлари кенгашида кузатувчи сифатида қатнашгани ва МДҲ давлатларининг чегара соҳасидаги ҳамкорлигига оид бир қатор шартномаларни ратификация қилмагани сабаб бўлди.