Халқаро космик станцияда ҳаво чиқиш жойларини қидириш учун СКВ-1 кислород билан таъминлаш тизими ўчирилди. Бу ҳақда станция экипажининг NASA’даги Миссияни бошқариш маркази (МБМ) билан суҳбатида айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».

Фото: Pinterest

МБМ вакили, космонавт Сергей Рижиковнинг СКВ-1 тизими ҳақидаги саволига «Ҳа, Сергей, СКВ ўчирилган» деб жавоб берган.

Тайёргарлик ишларини тугатгандан сўнг, МБМ вакили экипажга микроскоп билан ишлашни таклиф қилди.

Қайд этилишича, 20 февраль куни рус космонавтлари микроскоп билан ишлашни бошлашга уринган, аммо номаълум сабабларга кўра буни амалга ошира олмаган. МБМ вакили экипаждан муаммо нима эканлигини тушуниш учун қурилманинг расмларини ерга юборишни сўраган. Микроскоп 17 февраль куни «Прогресс МС-16» космик юк машинаси томонидан станцияга олиб келинган.

Январь ойида станциянинг рус сегментининг парвоз директори Владимир Соловёв «Прогресс» станцияга ҳаво сизиб чиқиши мумкин бўлган жойларни қидириш учун кучли микроскопни етказиб берилишини эълон қилди. Январда «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозин кема станциядаги ҳаво чиқиши оқибатида йўқотилган кислороднинг ўрнини қоплаш учун станцияга қўшимча кислород етказиб беришни айтган.

Шу билан бирга, ХКС экипажи билан музокаралар давомида МБМ мутахассислари станциянинг «газ захиралари» ниҳоясига етаётгани ҳақида хабар берган.

ХКСда ҳаво сизиб чиқиши 2020 йил 20 августда маълум бўлди. Кейин «Роскосмос» матбуот хизмати станция экипажининг Россиянинг «Звезда» модулида Америка сегментидаги босим синовлари давомида изоляция қилинганини эълон қилди. 24 август куни Рогозин «Интерфакс»га ХКС ҳаво чиқиши аҳамиятсиз эканлигини ва уни асбоблар деярли сезмаслигини айтган. Соловёвнинг сўзларига кўра, ҳавонинг сизиб чиқиши даражаси танқидий кўрсаткичдан минглаб марта кам.

Айни пайтда космонавтлар чой пакетларидан фойдаланиб, эҳтимолий ҳаво чиқиш жойларидан бирини топиб, уни вақтинчалик воситалар билан изоляция қилган. Аммо улар ҳали уни тўлиқ бартараф қила олмаган.

Бундан аввал АҚШнинг Cygnus космик юк кемаси Халқаро космик станцияга муваффақиятли туташгани ҳамда Илон Маскнинг кемасида ХКСга учадиган илк сайёҳлар исми маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.