Мойчечак доривор ўсимлик сифатида яхши таниш бўлиб, ундан дамланган чой стрессни йўқотиш, асабларни тинчлантириш ва уйқу муаммоларини енгиллаштиришда яхши самара беради. Ўсимлик дамламаси ҳам тинчлантирувчи таъсирга эга бўлиб, терини намлайди ва нуқсонларга қарши курашишда ёрдам беради.

Фото: @maryleest

Мойчечак, айниқса, универсаллиги билан фойдали: у барча турдаги тери муаммоларида қўл келади. У қуруқ ва таъсирчан терини намлайди, юмшатади, тери қичиши ва шўралашида ёрдам беради. Агар терингиз ёғли бўлиб, яллиғланишга мойил бўлса, ўсимлик таркибидаги антибактериал компонентлар яллиғланишни енгиллаштиради ва ёғ ҳосил бўлиш жараёнини нормаллаштиради.

Фото: @maryleest

Мойчечак гули таркибидаги кумарин моддаси зарарланган тери ҳужайраларини тиклайди, ҳуснбузар ва тошмаларга қарши самарали курашади. Кучли антиоксидант ҳисобланадиган — каротин эса тери юзасини текислайди, уни эркин радикал зарарланишдан ҳимоя қилади ва қариш жараёнини секинлаштиради.

Мойчечакдан тери муаммоларида қандай фойдаланилади?

Қуритилган мойчечак гулларини дорихоналардан бемалол топиш мумкин: ўсимлик тайёр ҳолдаги фильтр қадоқларда ёки майдаланган ҳолда сотилади. Қадоқда кўрсатилган нисбатдаги мойчечакни (одатда бир ош қошиқ ёки бир фильтр қадоқ 1 стакан сувга мўлжалланган бўлади) дамлаб, 30-40 дақиқа давомида тиндиринг, сўнгра сузиб, илиқ ҳолга келгунча совитинг.

Фото: @maryleest

Дамламани юз ва бўйин соҳаси учун тоник сифатида ишлатинг: тозаланган терига кунига икки маҳал суртинг, муолажадан сўнг озиқлантирувчи крем ишлатиш мумкин.

Яна бир вариант — дамламани музлатиб, эрталаб муз бўлаклари билан юзингизни артинг. Мойчечакли муз бўлаклари ухлаб тургандан кейинги юз шишишларини йўқотади ва юзингизга табиийлик бахш этади.