Британиялик актёр Доминик Купер сўнгги бир йил ичида тўртинчи автомобилидан айрилди, деб хабар беради Motor. Маълум бўлишича, бу сафар Купернинг «Need For Speed: Тезлик иштиёқи» фильми орқали танилган ноёб моделларидан бири — 1978 йилги Ferrari Dino 308 GT4’и ўғирлаб кетилган.

Фото: Ferrari Dino 308 GT4

Ноёб қизил Ferrari ўтган ҳафта актёрнинг Лондон шимолий қисмидаги уйи яқинида бўлган автотураргоҳдан ўғирланган. 43 йиллик автомобилнинг тахминий нархи 83 минг фунтни ташкил этади.

Купер дўстларининг сўзларига кўра, актёр ўзининг севимли автомобилларидан бири бўлган мазкур спорткарнинг йўқолганидан қаттиқ ташвишда. Уларнинг айтишича, сўнгги бир йил ичида машиналари ўғирланаётган Купер доимий қўрқувда бўлиб, у ўзини таъқиб қилишаётганидан хавотирга тушмоқда.

Ушбу ўғирлик актёр учун сўнгги бир йил ичидаги тўртинчи ҳисобланади: аввалроқ британияликнинг Austin-Healey, Range Rover классик моделлари ва том қисми очиладиган 54 минг долларлик Jaguar F-Type’и ўғирланган.  Купер ўғирлик ҳақида зудлик билан полицияга мурожаат қилган ва яқин атрофдаги машина ўғрилари борлиги ҳақида қўшниларини огоҳлантирган.

Аввалроқ америкалик эркак икки ойда иккита бир хил Киа автомобилидан айрилгани тўғрисида хабар берилганди.