Бухоро шаҳрида 1988 йилнинг 5 октябрда содир этилган қотиллик жинояти 32 йил деганда бармоқ изи ёрдамида фош этилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратурасига таяниб, «Халқ сўзи online» хабар берди.

Қайд этилишича, 1962 йилда туғилган фуқаро М.Б. Муслима исмли аёлнинг таклифи билан унинг уйига келган. Йигит онаси тенги аёлга жинсий яқинликни таклиф этган. Аёл буни рад этади ва ўртада жанжал келиб чиққан. Жанжал вақтида М.Б. ёнида бўлган ошхона пичоғи билан аёлнинг қорин ва кўкрак қисмига бир неча марта уриб, ўлдирган.

Қотиллик содир этиш билан бирга, М.Б. аёлнинг уйидан бир нечта тилла тақинчоқларни ўғирлаб кетган. Жиноят жойида эса унинг бармоқ излари қолган.

Бухоро вилоят ИИБ Эксперт-кириминалистика бўлими томонидан 2020 йилнинг сентябрь ойида автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизим орқали бармоқ излари текширилган. Бу криминалистик ўрганишлар бармоқ излари фуқаро М.Б.га тегишли эканлигини кўрсатган.

Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланган.

Аниқланишича, М.Б. 1993 йилда эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 15—81-моддаси (қасддан оғир тан жароҳати етказиш), 1996 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғрилик), 2005 йилда 169-модданинг 1-қисми (ўғрилик) билан айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг 2021 йил 15 февралдаги ҳукми билан судланувчи М.Б.нинг содир қилган жинояти Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» бандидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми ҳамда 169-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинган, аммо жавобгарликка тортиш муддати 25 йил ўтиб кетганлиги сабаб, у жазодан озод қилинган.