Коронавирус инфекцияси келгуси бир-икки йил давомида мавсумий касалликка айланиши мумкин. Бу ҳақда «Роспотребнадзор» (Россия соғлиқни сақлаш соҳасидаги назорат бўйича федерал хизмати) марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти клиник ва аналитик ишлар бўйича директор ўринбосари Наталья Пшеничная маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: «РИА Новости»

«COVID-19’да аллақачон мавсумий инфекцияга хос хусусиятлар пайдо бўлишни бошлаган. Бунга 2020 йилнинг кузида касалланишнинг сезиларли даражада ўсгани гувоҳлик бериши мумкин», — деди Пшеничная.

Унинг таъкидлашича, мавсумий респиратор инфекциясининг кўпайиши одатда куз ва баҳорда кузатилади, шунинг учун йилнинг ушбу даврида COVID-19 билан касалланиш сони ҳам кўпайиши мумкин.

Шу билан бирга, Пшеничная дунё аҳолисининг аксарияти COVID-19’га қарши эмланганидан кейин ҳам коронавирус инфекциясининг кўпайиши бир неча йил давомида юз бериши мумкинлигини таъкидлади.

«Мазкур инфекциянинг эпидемик тарқалиши тўхтайди, аммо касалликнинг қайта юзага келиши ва кўпайиши бир неча йил давом этиши мумкин», — деди эпидемиолог.

Шунингдек, ЖССТнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович ҳам COVID-19 вируси Ер сайёрасида абадий қолиши мумкинлиги, юқори самарали вакцинанинг борлиги эса уни бутунлай йўқ қилиш учун кафолат бермаслигини таъкидлаган. COVID-19 мавсумий касалликка айланади, деб айтиш учун асослар борми, деган саволга жавобан у бундай вариант бўлиши мумкинлигини, аммо узил-кесил жавоб бериш учун бир нечта мавсум давомида кузатув олиб бориш кераклигини билдирди.

Аввалроқ «Роспотребнадзор» коронавирус инфекциясидан ўлим сонининг камайиши ва унинг тарқалиш потенциалининг ошиши вируснинг одамларга мослашганидан далолат бериши мумкинлигини таъкидлаб, агар бу тенденция давом этса, COVID-19 мавсумий касалликка айланишини маълум қилган эди.

Хитой Тиббиёт фанлари академиясининг патоген биология институти олимлари эса 2020 йил апрелидаёқ коронавирус йўқ бўлиб кетмаслиги ва у мавсумий грипп каби ҳар йили қайталанишини маълум қилганди.