Нигериянинг Замфара штатида 26 февраль куни қуролланган жангарилар томонидан мактабга ҳужум уюштирилиб, ўғирлаб кетилган 317 нафар ўқувчи қиз воқеадан тўрт кун ўтиб қутқарилди. Бу ҳақда маҳаллий ҳукумат маълумотига таяниб CNN хабар берди.

Фото: EPA

Болаларнинг қайтиши тўғрисида вилоят ҳукумати вакили Юсуф Идрис эълон қилди. Аммо у ўқувчи қизларнинг айнан қандай қутқарилгани ва улар учун тўлов тўлаш керакми ёки йўқлигини айтмади. Қизларнинг барчаси соғ-саломат қайтиб келди.

Маълумот учун, 26 февраль куни тунги соат 01:45 да жиноятчилар 20 та мотоциклда Жангебе шаҳридаги давлат мактабига келган. Улар қизлар ётоқхонасига бостириб кириб, мактаб ҳудудида тахминан уч соат бўлган ва қизларни ўрмонга олиб кетган. Ҳужум вақтида бир нафар полициячи ҳалок бўлган.

Замфара штатида одамларни ўғирлайдиган ва товон пули эвазига яқинларига топширадиган ёки қамоқдаги шерикларини озодликка чиқариш эвазига уларни қўйиб юборадиган бир нечта жангари гуруҳлар фаолият олиб боради.

Сўнгги йилларда Нигерияда одам ўғирлаш ва фуқароларга ҳужум қилишга қаратилган ҳаракатлар жуда кўп амалга оширилган. 2014 йил апрель ойида «Боко ҳарам» жангарилари гуруҳи Борно штатида 276 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетган. Қизларнинг 100 нафардан ортиғи ҳанузгача топилмаган. 2020 йил декабрь ойида 344 нафар ўқувчи Кацина штатидаги мактабдан 344 нафар ўқувчи ўғирлаб кетилган ва кейинчалик қўйиб юборилган.

Шунингдек, 2021- йил 17 февраль куни Нигер штатида 27 нафар мактаб ўқувчиси ўғирлаб кетилган. Уларнинг қаердалиги ҳали аниқланмаган.

2018 йилда Нигерияда «Боко ҳарам» жангарилари 110 нафар мактаб ўқувчисини ўғирлаб кетган. 2020 йил июнь ойида Нигерия шимоли-шарқига уюштирилган ҳужум оқибатида 60 киши ҳалок бўлган.