АҚШнинг космик ишланмалар агентлиги Халқаро космик станцияда (ХКС) гипертовушли ракеталар парвозини кузатиш учун ускуналарни синовдан ўтказишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Американинг ихтисослашган SpaceNews сайтига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: NASA

Таъкидланишича, инфрақизил диапазонда ишловчи Persistent Infrared Payload қурилмаси Northrop Grumman компаниясининг станцияга июль ойида учиб борувчи Cygnus юк ташувчи ҳаво кемаси бортига жойланади.

Тажриба космик кема ХКСда бўлган пайт амалга оширилади ва гипертовушли ва баллистик ракеталарнинг парвозини аниқлаш ускуналарини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган маълумотларни йиғиш имконини беради. Келажакда ушбу ускунани ракета ҳужуми тўғрисида огоҳлантирувчи  паст орбита сунъий йўлдошларига ўрнатиш режалаштирилган.

2020 йилнинг июнь ойида Northrop Grumman компанияси мазкур тажриба учун Космик ривожланиш агентлиги билан 13,8 миллион долларлик шартнома имзолаган эди.