Австралиянинг энг йирик Qantas авиакомпанияси коронавирус пандемияси пайтида ички туризмни ривожлантириш учун номаълум йўналишларга парвоз уюштиришни бошлайди. Бу ҳақда CNN маълумотига таяниб Meduza хабар берди.

Фото: Google Images

«Сирли парвозлар» деб номланган рейсга чиқиш пайтида йўловчилар қаерга кетаётганини аниқ билмайди. Парвоз пайтида улар қаерга кетаётганларини тахмин қилиш учун самолёт йўналишини ўриндиқ орқасидаги экранларда кузатиб бориши мумкин. Чипталар 4 мартдан сотувга чиқади. 27 март, 18 апрель ва 1 май кунлари Брисбен, Сидней ва Мельбурндан учиш режалаштирилган. Рейслар 120 йўловчига мўлжалланган Boeing 737 лайнерлари орқали амалга оширилади.

Сафар бир кунга мўлжалланган. Парвоз эрталаб соат 7 атрофида бошланади, учиш олдидан йўловчилар дам олиш зонасида нонушта қилади. Йўловчилар кечқурун ортга қайтади. Бир томонлама парвоз, тахминан, икки соат давом этади ва самолёт айрим диққатга сазовор жойлар бўйлаб паст баландликда учади.

Авиакомпания «сирли парвозлар» йўловчилари учун бир қанча тавсиялар берди. Масалан, Брисбендан амалга ошириладиган парвозлар қишлоқча меҳмондўстлик, тансиқ таомлар, шароб ва очиқ ҳавода дам олишни яхши кўрадиганлар учун мос келади. Сиднейдан парвозлар тропик денгиз соҳилида дам олишни афзал кўрадиганлар учун, Мельбурндан парвозлар тоза ҳаво, тансиқ таомлар ва деҳқон бозорларини севувчилар учун мос келади.

Экономкласс чипталарининг нархи 737 Австралия доллари (577 АҚШ доллари), бизнескласс чипталариники эса 1570 Австралия доллари (1220 доллар) этиб белгиланди.

Маълумот учун, Австралияда коронавирус пандемияси туфайли чет элга саёҳатга чиқиш тақиқланган. Мамлакатни тарк этишни истаганлар Ички ишлар вазирлигидан рухсат олиши керак. Qantas 2021 йил октябрь ойининг охирига қадар халқаро рейслар йўлга қўйилишига умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Австралияда коронавирус туфайли юз йилда биринчи марта энг зич жойлашган икки штат — Янги Жанубий Уэльс ва Виктория чегаралари ёпилган. Бундан аввал штатлараро чегаралар 1919 йилда «испан гриппи» пандемияси даврида ёпилган эди.