Сўнгги йилларда ўзбек санъатининг кўплаб вакиллари АҚШ, Туркия, Россия каби давлатларга оилавий кўчиб кетмоқда. Бу эса уларнинг мухлислари ва томошабинларда қизиқиш уйғотаётгани шубҳасиз. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов Америкада мусофирликни бошдан кечираётган ўзбекистонлик машҳурлар ҳақида материал тайёрлади.

Ёпиқ ҳаёт тарзини танлаган Дилором Қамбарова

«Иссиқ қуёш тафтидаги уй», «Оловли йўллар», «Тўйлар муборак», «Темир хотин» каби ўттизга яқин бетакрор фильмларда суратга тушган актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Қамбарова йигирма йил аввал АҚШга кўчиб кетган. У актриса сифатида охирги марта «Шариф ва Мариф» фильмида роль ўйнаган.

Фото: Яндекс Дзен

Дилором Қамбарова 90 йилларда ишсизлик ва яна кўплаб муаммолар сабаб Америкада яшашга қарор қилади. Мусофир юртда кинодаги фаолиятига нуқта қўйиб, модалар уйида тажриба орттиради ва бир муддат шу йўналишда ишлайди. У икки марта оила қуради ва Полина ҳамда Зарина исмли қизларни дунёга келтиради.

Фото: m.mirtesen.ru

64 ёшли актриса ўзи учун ёпиқ ҳаёт тарзини танлаб, ортда қолган ҳаётини эслатиб турадиган барча нарсадан воз кечди, ижтимоий тадбирларда қатнашишни тўхтатди.

Болалигиданоқ танилган Жалол Юсупов

«Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи» каби фильмлардаги эпизодик роллари орқали кичкиналигиданоқ танилган актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жалол Юсупов ҳозирда Америкада ҳаёт кечирмоқда.

Фото: Telegram

У «Сардор», «Алданган аёл» сингари кўплаб кино ва сериалларда ҳам суратга тушган. 1991–2006 йилларда Ўзбекистон ёшлар театрида актёр ва режиссёр сифатида ишлаган 52 ёшли Жалол Юсупов оиласи билан Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилади.

Талабага айланган Юлдуз Ҳамидова

«Бозор кўрмаган йигит», «Темир аёл», «Тангалик болалар», «Чавандоз», «Туташ тақдирлар» сингари кўплаб фильм ва сериаллардаги ижролари орқали томошабинлар кўнглидан жой олган актриса Юлдуз Ҳамидова 7 йилдан буён Американинг Лос-Анжелес шаҳрида истиқомат қилади.

Фото: «Дарё»

«АҚШга шу ердаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган Фотима ва Зуҳра қизларим билан келганман. Улар Тошкент шаҳрида инглиз тилини чуқурлаштириб ўргатиладиган мактабни тамомлаганидан кейин хорижда ўқишни давом эттиришни исташди. Аввал Малайзияга, кейин АҚШга ўқишга келишди. Эгизак фарзандларимга қўшилиб мен ҳам талаба бўлдим. Лос-Анжелесдаги коллежда ўқияпман. Коллежда молиявий томондан ёрдам беришади, тил ҳам ўрганаман. Инглиз тилини мукаммал билмасам-да, аммо бироз суҳбатлаша оламан», — дейди актриса.

Фото: инстаграм

Юлдуз Ҳамидова Ўзбекистонга вазиятдан келиб чиқиб, ҳар тўрт-беш ойда бир келади. Ҳар гал бирор фильм ёки сериалда суратга тушади.

«Туташ тақдирлар»даги Азизбек ҳам океан ортида

«Гулҳан атрофидагилар», «Туташ тақдирлар» каби сериаллардаги роллари билан машҳурликка эришган кино ва театр актёри Жаъфар Мўминов 2010 йилда «грин карта» лотереясига ҳужжат топширади. Омади чопиб, лотереяни ютгач 2011 йилнинг январида АҚШга оилавий кетади.

Фото: «Дарё»

У тўққиз йил давомида Нью-Йорк штатида яшайди. Дастлаб «Томоша» номли ўзбек театри ва «Шарқ овози» радиосида фаолият юритади. Орада «Бону&Жафар» Entertainment ЛЛC компаниясига асос солиб, ўзбекистонлик санъаткорларни таклиф қилган ҳолда йилда бир-икки марта концертлар уюштиради. Бир неча йилдан буён эса Миннесота штатида оилавий «Самарқанд» ресторанини юрғизишади.

Фото: Жаъфар Мўминовнинг шахсий архивидан

Жаъфар Мўминовнинг тўрт нафар фарзанди бор: икки ўғил ва икки қиз. Тўнғич фарзанди Самира Ўзбекистонда туғилган. Қолган уч нафар зурриёти Америкада дунёга келган. Икки нафар фарзанди океан ортидаги мактабда ўқийди, кенжатойи эса ҳали мактаб ёшига етмаган.

Майамида яшаётган «Оқ Тайсон»

«Оқ Тайсон» лақаби билан танилган чарм қўлқоп устаси Руслан Чагаев ҳам АҚШда истиқомат қилади. Ўзбек боксининг тирик афсонаси океан ортида ўзининг М-13 промоутерлик компаниясига асос солган.

Фото: «Дарё»

У кўзи билан боғлиқ муаммо ва жароҳатлар туфайли 2016 йилнинг октябрида 37 ёшида профессионал рингни тарк этади. Руслан Чагаев фаолияти мобайнида 38 та профессионал жанг ўтказган ва уларнинг 34 тасида ғалаба қозонган. У рақибларини 21 марта нокаутга учратган. Бир муддат Германиянинг Ҳамбург шаҳрида машғулот олиб борган собиқ жаҳон чемпиони икки йилдирки, Россияда мураббийлик фаолиятини давом эттирмоқда.

Фото: Instagram

Шундай бўлса-да, у оиласи билан Американинг Майами шаҳрида яшайди. Бошқа мамлакатларга бокс сабаб тез-тез бориб туради. Афсонавий боксчи рафиқаси Виктория Чагаева ҳамда уч ўғли: Артур, Алан ва Адам билан бирга тушган суратларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаб боради.

«17 йилдан бери Ўзбекистонга борганим йўқ»

«Севги», «Сарвиноз», «Ёдгор» каби ўнлаб фильм ва клиплардаги бетакрор роллари билан танилган актриса Камола Умархўжаева 17 йилдан бери Америкада. У айни пайтда АҚШнинг Вашингтон шаҳрида яшайди.

Фото: «Дарё»

Океан ортига 2004 йилда тил ўрганиш учун борган актриса ўша ерда турмушга чиқади. Фарзандли бўлгач Америкада қолишга қарор қилади. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, биринчи турмуши билан ажрашади.

Фото: «Дарё»

«Орамизда бир ўғил ва бир қизимиз борлиги учун ҳам ҳалигача дўстона муносабатдамиз, фарзандларимиз орқали гаплашиб турамиз. Кейин иккинчи марта оила қурдим. Ҳозирги турмуш ўртоғим асли суриялик. Улар анча йиллар аввал оиласи билан АҚШга кўчиб келишган. У шу ерда улғайган, десам ҳам бўлади. Ҳозирда уч ўғил ва бир қизим бор. Очиғини айтсам, 17 йил давомида бирор марта ҳам Ўзбекистонга борганим йўқ. Ўтган йили бормоқчи эдим, аммо пандемия туфайли кейинга қолдирилди. Ватанимни ҳамиша соғинаман, буни эса сўз билан таърифлаб беролмайман. Америкага ўзим билан қошиқ ва стакан олиб келганман. Шу икки буюм болалигимни, оиламни эслатиб туради», — дейди Камола Умархўжаева.

Муҳаббат Шамаева 29 йилдан бери океан ортида

«Кўчалар», «Ўрик гуллаганда», «Тошкент наҳори» сингари юзлаб ўлмас қўшиқлари билан кекса ва ўрта авлод вакилларига жуда яхши таниш Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева 1992 йилда оиласи билан АҚШга кўчиб кетган.

Фото: «Дарё»

77 ёшни қаршилаган ҳофиза ҳамон жонли ижрони канда қилмайди. Нью-Йорк штатида ҳаёт кечираётган санъаткор Америкада фарзандлари билан «Мақом» номли кичик ансамбль тузган. Турли кечалар, фестиваллар ва байрамларда иштирок этиб, ўзбек санъати, маданияти ва урф-одатларини тарғиб қилиб келмоқда.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Муҳаббат Шамаева 2018 йилда АҚШда истиқомат қилувчи ҳамкасби, Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков билан Тошкент шаҳрида концерт берган. Шунингдек, ўша йили Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида қатнашган. Унинг уч нафар фарзанди: Раж исмли ўғли ҳамда Наргис ва Виола исмли қизлари бор. Санъаткорнинг турмуш ўртоғи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Маллаев созанда, бастакор, шоир, драматург сифатида ижод қилган. У 2008 йил 72 ёшида вафот этган.

Таржимонлик қилаётган таниқли ўзбек сухандони

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов матбуот хизматида ишлаган, 1980—1990 йиллар ўзбек телевидениесининг юлдузи бўлган сухандон Лола Ҳотамова 20 йилдирки Американинг Флорида штатида яшаб, фаолият юритади. Ўзбек аёллари орасидаги илк сиёсий шарҳловчи ва ҳиндшунос сифатида ҳам танилган ижодкор океан ортига кетиш сабабини шундай изоҳлайди:

Фото: «Дарё»

«1991 йили мени Президент девони ва телевидениедаги иккала ишимдан ҳам ҳеч қандай асоссиз бўшатишди. Шундан кейин тўққиз йил давомида турли соҳаларда фаолият юритдим. Балки, яна ҳаёт ўнгланиб қолар, яхши яшаш насиб қилар, дея эртанги кунга умид билан қарадим. Аммо Ўзбекистондаги ҳаёт йилдан йилга баттарлашиб, ноҳақликлар ва адолатсизликлар кўпайиб кетди, бу эса руҳиятимга ёмон таъсир қилди.

Ўнгдан чапга: Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Лола Ҳотамова, тележурналист Екатерина ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов. Олий Мажлис сессияси, 1990 йил

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Икки нафар қизимни оёққа турғизиб, уларни ўқитиш, турмушга узатиш учун ҳам қўлимда етарли маблағ бўлиши керак эди. Лекин мамлакатда ойлик маошларнинг жудаям пастлиги мени чет элдан иш қидиришимга сабаб бўлди. Америкага фақат моддий манфаат қидириб келганим йўқ, балки, ўз юртимда қадримни билишмагани, билимим, тажрибам ва иқтидоримга яраша иш беришмагани учун Ўзбекистондан кетишга қарор қилганман. 2000 йилдан бери АҚШдаман. Бироқ ҳалигача Ўзбекистон фуқаросиман».

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Айни пайтда ўзбек, рус, ҳинд ва инглиз тилларида хизмат кўрсатувчи иммиграция судида таржимон бўлиб ишлаётган Лола Ҳотамованинг икки нафар қизи ва бир нафар набираси бор. Катта фарзанди Нью-Йоркдаги нуфузли банкларнинг бирида масъул лавозимда ишлайди. Кенжа қизи номдор компанияда фаолият юритади.

Ўзбек рақсини тарғиб қилаётган Суғдиёна Исроилова

Таниқли раққоса, Ўзбекистон халқ артисти Дилафруз Жабборованинг издош қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Суғдиёна Исроилова 14 йил аввал АҚШга яшаш учун йўл олган.

Фото: «Дарё»

Бетакрор рақслари билан танилган ижодкор Нью-Йорк штатининг Бруклин туманида оиласи билан бирга истиқомат қилади. 2007 йили профессионал карьерасига нуқта қўйган раққоса Америкада ўзбек миллий рақс санъатини тарғиб қилишда жуда фаол. У ёш қизларга ҳам рақс сирларини ўргатади.