2020 йилнинг 30 август куни коронавирус оқибатида вафот этган Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудовнинг рафиқаси Гулираъно Масъудова «Мирсодиқова билан» YouTube-каналига интервью берди.

Фото: Instagram / @_abdullohfathullayevich

«Спектакльга тушдим, биринчи қаторда ўтирибман. ‘Сизсиз ўтмас кунларим’ қўйилаётган эди. Шу кунлари менга эътиборлари камайиб кетган, жудаям ишлари билан банд бўлиб кетиб, асабий бўлиб юргандим. Дилноза Кубаева била партнёр бўлиб ўйнаяптилар. Қараб ўтирибман: битта қучоқладилар, иккита қучоқладилар. Дилноза Кубаева — менинг идеалим. Ундаги қувноқлик, очиқлик менга етишмайди. Феълим оғир-босиқ. Спектакльдан кейин машинага ўтириб, ўкириб йиғлаб юбордим-да, битта урдим. Сен мени урдингми, дедилар. Ўзим қўрқиб кетдим қилган ишимдан, мен сиздан хафа бўлдим, дедим. Вой, сен мени рашк қилдингми, рашк қилдингми, деб сўраб, қучоқлаб олдилар. Сиз менга вақт ажратмаяпсиз, Дилнозани тўрт марта қучоқладингиз, дедим. Вой жинни, бу рол-ку, дедилар», — дейди Гулираъно Масъудова.

Фото: Instagram / @_abdullohfathullayevich

Шунингдек, марҳум актёрнинг рафиқаси марҳума Гавҳар Шарипова ҳам турмуш ўртоғига кўп қўнғироқ қилиб, муаммоларини айтиб берганини эслади.

«Гавҳар Шарипова, раҳматли, кўп телефон қиларди. Кечаси соат 10-11, вой-дод дердим. Қизимнинг ғаши келарди, нега бу адамнинг бошини айлантираверади, дерди. Сиз менга ҳам кераксиз, адаси, менга етмаяпсиз, дердим», — дейди Гулираъно Масъудова.