Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 5 март куни 6-синф ўқувчиси Катта Фарғона каналига чўкиб кетди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, Ўзбекистон туманининг «Беруний» маҳалла фуқаролар йиғини Алишер Навоий кўчасида яшаган 13 ёшли Умиджон Абдусатторов эҳтиётсизлик оқибатида шу ҳудуддан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналига чўкиб кетган.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган қишлоқ аҳлининг айтишича, Умиджон Абдусатторов 2008 йилда «Беруний» маҳалласида туғилган. Маҳалладаги 22-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси бўлган. Мактаб ёнида жойлашган байдарка ва каноэда эшкак эшиш базаси машғулотларига қатнашган.

Фото: «Дарё»

«Бу бола ўзи ‘Беруний’ маҳалласида яшайди. Бизнинг маҳалламиз ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналининг бўйида байдарка ва каноэда эшкак эшиш базаси бор. Чўкиб кетган бола шу клубда янги ўрганувчи бўлган. Ўша куни улар каналда эшкак эшиш машғулотларини олиб боришган. Эътиборсизлик қилиб, қутқарув нимчаларини кийиб олмаган экан. Қайиғи ағдарилиб кетиб, сувга тушиб кетган. Шериклари кўриб, қутқаришга ҳаракат қилган. Лекин сув совуқлиги учун томирлари тортишиб, болани ушлаб қолиша олмаган.

Фото: «Дарё»

Жуда кўп таниқли спортчилар чиққан бу жойдан: жаҳон, Осиё чемпионлари бор. Отаси уларга ҳавас қилиб, ўғлини шу клуб машғулотларига берган. Ўзи ҳам жаҳон чемпиони бўлиб, Ўзбекистонга олтин медал олиб келаман, деб ният қилган экан», — дейди «Пасткиқўриқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳиддин Ҳошимов.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Дилшод Раҳмоновнинг маълум қилишича, айни вақтда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди ғаввос-қутқарувчилари томонидан ҳодиса содир бўлган жойда қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари Ҳабибжон Эсоновнинг маълум қилишича, каналга чўкиб кетгани тахмин қилинаётган фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. Жасадни сувдан қидириб топиш чоралари кўрилмоқда. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳабибжон Эсонов.

Фото: «Дарё»

«5 март куни соат 16:00 да туман ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисмига бахтсиз ҳодиса содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Фарғона вилояти иккинчи минтақавий ҳудуд раҳбари Музаффар Холдоров, Ўзбекистон тумани прокурори Мирзобедил Назаров, фавқулодда вазиятлар ва миллий гвардия туман бўлимлари бошлиқлари ҳодиса жойига етиб келишган. 20 та қутқарув отряди ташкил этилиб, қидирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар ҳодиса жойидан 7 километр узоқликдаги масофа оралиғида сув туби ғаввослар томонидан кўрилди. 55 километр масофада эса сув юзаси кўриб чиқилди», — деди Ҳабибжон Эсонов.

Фото: «Дарё»

Аввалроқ вилоятнинг Ёзёвон тумани Бўтқачи қишлоғида яшовчи 17 ёшли йигит 2020 йилнинг 22 декабрь куни ўзини Катта Фарғона каналига ташлагани, унинг жасади орадан 73 кун ўтиб топилгани ҳақида хабар берилган эди.