Perseverance марсоходи биринчи марта Марс юзасида «сайр қилди». Бу ҳақда NASA Twitter орқали маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК». Марсоход сайёра юзасида из қолдириб, тахминан, беш метр юрган.

«Мен Марсда биринчи синов тариқасида беш метрга яқин жойни босиб ўтдим. Сиз менинг ғилдирак изларимнинг фақат бошланишини кўриб турибсиз. Ҳали кўп из ҳосил қилиш керак», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 31 июнь санасида NASA бортига Perseverance номли янги аппарат ўрнатилган Atlas V ракета-ташувчисини Канаверал саҳросидан учирган эди.

2021 йил 9 февралга ўтар кечаси Perseverance тадқиқот аппарати Марсга муваффақиятли қўнишни амалга оширди. Қўниш, тахминан, етти дақиқа давом этган. Бу вақт мобайнида барча операциялар автоматик режимда амалга оширилган.

АҚШ Аэронавтика ва фазовий бўшлиқларни тадқиқ қилиш миллий агентлиги (NASA) Perseverance роверини Марсга қўндириш вақтида олинган видеоёзувни эълон қилди. Кадрларда марсоходни туширишнинг барча босқичлари — Марс атмосферасида парашют очилишидан бошлаб, Perseverance сайёра юзасига тегиши билан қўниш модулининг ажралиб чиқишигача бўлган лаҳзалар акс этган.

Олимлар фикрича, Марсдаги Езеро кратерида ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин, марсоход шуларни қидириш билан шуғулланади. Шунингдек, марсоход сайёра иқлимини ўрганиб, тоғ жинслари ва чўкиндилар намуналарини тўплайди. Аппарат Марсда 687 кун давомида иш олиб боради.