Twitter ижтимоий тармоғи раҳбари ва асосчиларидан бири Жек Дорси ўзининг 2006 йил 21 март куни ёзилган биринчи твитини сотувга қўйди, деб хабар бермоқда Meduza. 5 март куни у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шу ҳақда хабар қолдирди ва твитлар билан савдо қиладиган Valuables платформасига ҳавола жойлаштирди.

«Шунчаки твиттеримни созлаяпман»

The Verge ёзишича, Дорси ўзининг биринчи твитини NFT — ўзгармас токен сифатида сотишга уринмоқда. Дорси савдолар бўлиб ўтаётган саҳифага ҳаволани қўйганидан кейин бир неча дақиқада твитнинг нархи 88 минг долларгача кўтарилди. Айни пайтда эса Twitter раҳбарининг илк хабари учун таклиф қилинган энг катта нарх 2,5 миллион доллар бўлиб турибди.

Дорси қачондан буён биринчи твитини сотишга уринаётгани номаълум. Fox Business телеканали қайд этишича, твитни сотиб олиш бўйича биринчи таклифлар 2020 йил декабридаёқ пайдо бўлган, аммо савдо 5 мартдагина омма эътиборини тортган.

Non-fungible token (NFT) — ўзаро алмашина олмайдиган токен — блокчейнда яратилган рақамли активлар бўлиб, буюмнинг оригиналлигини, шунингдек, унинг эгасининг мулк ҳуқуқини кафолатлайди. Ўзаро алмашина олмайдиган токен ягона, ноёб, уни қайтадан яратиб бўлмайди, битта NFT нархи эса бошқа NFT қийматига боғлиқ эмас. NFT кўринишида фотосуратлар, видео, рақамли санъат асарлари, ўйинлардаги элементлар, спорт карточкалари чиқарилади.

Аввалроқ АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Injective Protocol блокчейн компанияси 95000 долларга кўча рассоми Бэнксининг 2007 йилда чизилган Morons (White) суратини сотиб олди ва уни ёқиб юборди. Компания бу ишга асарни криптовалюта — ўзгармас токен(NFT)га айлантириш мақсадида қўл урди.