Канададаги олтин олди-сотдиси билан шуғулланувчи энг йирик компаниялардан бири Китcо 2020 йилда қазиб олиш ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик олтин конлари рейтингини тузди, деб хабар беради Spot.

Фото: Bloomberg

Маълумотлар конларни бошқарадиган компанияларнинг расмий маълумотлари ва рақамлари ошкор қилмайдиган конларнинг тахминий рақамлари асосида тузилган.

Рейтингда биринчи ўрин Навоий вилоятидаги «Мурунтов» конига насиб этди — бу ерда 2020 йилда 56,7 тонна олтин (2 миллион унция) қазиб олинган. Коннинг ресурс базаси 4 минг тоннадан ортиқ (150 миллион унция).

Таҳлилчиларнинг баҳолашича, яқин келажакда у дунёдаги энг йирик олтин кони номини ўзида сақлаб қолади.

Иккинчи ўринни 45,3 тонна билан Американинг «Карлин» кони эгаллаган бўлса, учинчи поғона Россиянинг «Олимпиада» конига насиб этди — 34 тонна.

Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, АҚШнинг Невада штатидаги олтин конларида йилига 115,8 тонна қимматбаҳо металлни қазиб олинади, бу сайёрадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Дунёдаги энг катта очиқ олтин кони деб аталувчи «Мурунтов» эса йиллик 66 тонна олтин билан 2-ўринни эгаллаган.

Аввалроқ Ўзбекистон 2020 йилнинг июль ойида олтин сотиш бўйича дунёда етакчига айлангани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрь ойи бошларида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари май ойидан буён биринчи бор қисқарди. Мамлакатнинг расмий захира активлари 1 сентябрь ҳолатига кўра, 34,6 миллиард долларни, халқаро захиралар — 33,8 миллиард долларни ташкил этди. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров олтин-валюта захирасини сотиб, маблағларни мамлакат иқтисодиётини қутқаришга ва ишсизлар сони ортишининг олдини олишга йўналтириш мумкинлигини айтганди.