Қўшма Штатлар Россия ва Хитойнинг коинотдаги имкониятларидан хавотирда. Бу ҳақда АҚШ космик кучлари қўмондони генерал Жон Реймонднинг The New York Times нашрига берган интервьюсига асосланиб, «РБК» хабар берди.

Жон Реймонд

Фото: Global Look Press

«Хитойда ҳам, Россияда ҳам турли қувватдаги бир нечта ер усти лазер тизимлари мавжуд. Ердан туриб йўқ қилиш ёки зарар етказиш ёки бўлмаса сунъий йўлдошлардан фойдаланиш қобилиятимиздан маҳрум қилиш учун орбитада иккала мамлакатнинг ҳам бизни хавотирга соладиган имкониятлари мавжуд», — деди Раймонд.

Генерал, шунингдек, рус сунъий йўлдошларидан бири ҳақида гапириб, уни «матрёшка»га қиёслади ва у «Ерга яқин орбитадаги Америка сунъий йўлдошларини йўқ қилиш учун» яратилган деб тахмин қилди.

2020 йилнинг декабрь ойида АҚШ Мудофаа вазирлигининг космик қўмондонлиги Россия тўғридан-тўғри тутишга қодир сунъий йўлдошга қарши ракетани (DA-АSAT тизими) синовдан ўтказгани ҳақида хабар берган эди. Пентагонда синовларнинг санаси ва жойига аниқлик киритилмаган, аммо улар Москва бир қатор космик қуроллар, шу жумладан, лазер ишлаб чиқараётгани ва синовдан ўтказаётганини таъкидлаган.

Ўшанда, Вашингтон сунъий йўлдошга қарши қуролларнинг бир нечта турини ишлаб чиқиш ва жойлаштириш «Россиянинг космосга қурол жойлаштиришга қарши дипломатик ва жамоатчилик позициясига зид» эканини айтган.

Шунингдек, АҚШ космик қўмондонлиги 2020 йил апрель ойида Россиянинг сунъий йўлдошга қарши ракетаси синовлари тўғрисида хабар берган. Ўша пайтда Пентагон ушбу қурол паст орбитада (сайёра юзасидан 1600-2000 км баланд) бўлган сунъий йўлдошларни уриб тушириши мумкинлигини аниқлаган. Шунингдек, Россия ҳам 2020 йилнинг июлида Қўшма Штатлар сунъий йўлдошга қарши космик қуролларни синовдан ўтказаётгани ҳақида хабар берган.

Шундан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москвага нисбатан космик сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказиш айбловлари пропаганда маълумотларини тўлдириш эканини айтган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Буюк Британия вакиллари ўзларининг қуролларини космосга жойлаштириш дастурини асослаш учун вазиятни бузиб кўрсатишга уринаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Россия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Рашид Мередов «Коинотга биринчи бўлиб қурол жойлаштирмаслик тўғрисида»ги қўшма баёнотни имзолаган эди.