Тошкентда вояга етмаган ўғил боланинг номусига тегмоқчи бўлган такси ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди. Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, гумонланувчи шахс қўлга олинган.

28 февраль куни фуқаро Б.Ж. 11 ёшли ўғли Чилонзор туманидаги уйидан амакисининг уйига бориш учун қора рангли Nexia-3 русумли таксига чиққани, ҳайдовчи эса унга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир этганини айтиб, Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлимига мурожаат қилган эди.

Шундан сўнг такси ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондор қидирилаётгани хабар қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, гумондор 47 ёшли Ғ.Д. эканлиги маълум бўлди. «Ҳозирги кунда у ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан айб эълон қилиниб, суд томонидан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда лифтда вояга етмаган қизларга тегажоғлик қилган эркак 1,5 йилга қамалгани, Сирдарёлик эркак мактаб ҳожатхонасида 8 ёшли қизга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатларни амалга оширгани маълум бўлгани ҳамда Сирдарёда ўгай қизига зўравонлик қилган аёл устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.