АҚШнинг 12 та штати президент Жо Байден устидан аҳолининг саломатлиги ва табиатни асраш тўғрисидаги фармони учун судга шикоят киритди. Бу ҳақда Fox News нашрига таяниб «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: Google Images

Даъвогарлар федерал ҳукуматнинг янги ваколатлари оддий фуқаролар учун молиявий оғирлик ошиб кетишига олиб келишидан хавотирда.

Иссиқхона газларининг умумий «ижтимоий харажатлари», тахминан, 9,5 триллион долларни ташкил қилади. «Аслида ушбу кўрсаткич машиналаридан тортиб музлатгич ва уйларгача, озиқ-овқат ва электр энергияси учун тўловларгача америкаликлар ҳаётининг ҳар бир жабҳасига аралашадиган федерал регуляторлар кучининг кенгайишини оқлаш учун ишлатилади», — дейилади даъвода.

Даъвони Миссури штати бош прокурори Эрик Шмитт берган. Унга Арканзас, Аризона, Индиана, Канзас, Монтана, Небраска, Огайо, Оклаҳома, Жанубий Каролина, Теннеси ва Юта штатлари вакиллари қўшилган.

АҚШ 19 февраль куни Иқлим бўйича Париж битимига қайтди. Вашингтон расмийлари бу келишувга 2016 йилда қўшилган, лекин 2020 йил Дональд Трамп ташаббуси билан бу келишувни тарк этган. У АҚШнинг келишувдаги иштирокини мамлакат манфаатларига зид деб ҳисоблаган.

Аввалроқ АҚШ Сенати Жо Байденнинг иқтисодиётни қутқариш бўйича 1,9 триллион долларлик режасини маъқуллаган эди.