«Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозин ва Хитой миллий космик бошқармаси (ХМКБ) раҳбари Чжан Кэцзянь икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида халқаро илмий ой станциясини (ХИOС) қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ўзаро келишув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «Роскосмос» маълум қилди деб ёзади, «РБК».

Фото: AP Photo

«‘Роскосмос’ ва ХМКБ барча манфаатдор мамлакатлар ва халқаро ҳамкорлар учун очиқ ХИOС яратиш бўйича шерикликни ривожлантиришга интилади, бундан кўзланган мақсад илмий-тадқиқот соҳасидаги бирдамликни кучайтириш ва бутун инсониятнинг манфаатларидан келиб чиқиб коинотни тинч мақсадларда ўрганиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат», — дейилади «Роскосмос» баёнотида.

Лойиҳа доирасида Россия ва Хитой биргаликда Ой станциясини қуриш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқади, шунингдек, «ХИOС қуриш лойиҳасини яратиш, режалаштириш, асослаш, дизайнини яратиш, ишлаб чиқиш, амалга ошириш, шу жумладан, уни дунё космик ҳамжамиятига тақдим этишда» ҳамкорлик қилади.

Январь ойи охирида «Роскосмос» Россия АҚШ билан қўшма Ой дастурида иштирок этишдан бош тортганини айтди. NASA’нинг Ой лойиҳаси «ташқи ҳамкорларнинг иштироки чекланган Америка лойиҳасидир» ва Россияни бу лойиҳа қизиқтирмайди, деб изоҳлаган Рогозин. У мамлакат Ойни тадқиқ қилиш бўйича 2021 йилда бошланадиган ўз дастурига эга эканини таъкидлаган.

Ўз навбатида Пентагон Россия ва Хитой томонидан коинот соҳасидаги таҳдидлар ўсган деб ҳисоблайди. «Хитойда ҳам, Россияда ҳам турли қувватдаги бир нечта ерусти лазер тизимлари мавжуд. Ердан туриб йўқ қилиш ёки зарар етказиш ёки бўлмаса сунъий йўлдошлардан фойдаланиш қобилиятимиздан маҳрум қилиш учун орбитада иккала мамлакатнинг ҳам бизни хавотирга соладиган имкониятлари мавжуд», — деди АҚШ космик кучлари қўмондони генерал Жон Реймонд.

The Wall Street Journal’нинг хабар беришича, АҚШ Ойни ўрганишда ўзи иштирок этишни ният қилган. Хабарга кўра, ҳарбийлар келажакда NASA’нинг Ойдаги базаларини ва АҚШнинг ресурсларни қазиб олиш учун уюштирадиган тижорий операцияларини ҳимоя қилмоқчи.

Рогозин ушбу хабарларга фикр билдирар экан, Ернинг сунъий йўлдоши ва Ой тадқиқотларини ҳарбийлаштиришга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди.

Аввалроқ Россия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Рашид Мередов «Коинотга биринчи бўлиб қурол жойлаштирмаслик тўғрисида»ги қўшма баёнотни имзолаган эди.