Эфиопиянинг Шарқий Веллега провинцияси Оромия ҳудудида қуролланган одамлар Эфиопия православ черковига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий нашр Addis Standard хабар берди.

Фото: Addis Standard

Ҳодиса 5 март куни содир бўлган. Бутхона ходимлари рўза бошланадиган кунни белгилаш муносабати билан хизматга йиғилганди.

Жангарилар черков руҳонийсини ўлдириб, одамларни ўғирлаб кетган. Жангарилар чангалидан қочиб қутулганлар ҳужумчиларни Оромо озодлик фронтининг жанговар қаноти — Оромо Озодлик армиясининг аъзолари эди, деб даъво қилмоқда. Ташкилот Эфиопиянинг ушбу ҳудуди мустақиллигини қўлга киритишга интилиб келади.

Қурбонларнинг жасадлари ўрмондан топилган. Уларнинг 21 нафарини аёллар ва ёш болалар ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 26 февраль куни Нигерияда жиноятчилар мактабга ҳужум уюштириб, 300 нафардан ортиқ ўқувчи қизни ўғирлаб кетган. Улар қизлар ётоқхонасига бостириб кириб, мактаб ҳудудида, тахминан, уч соат бўлган ва қизларни ўрмонга олиб кетган. Воқеадан тўрт кун ўтиб, ўқувчи қизларнинг ҳаммаси қутқарилган эди.

Шунингдек, аввал Нигерияда жангариларнинг БМТ базасини ёқиб юборгани ва Сомалида юзлаб террорчилар қамоқхонадан қочиб кетгани ҳақида хабарлар берилган.