Фойдаланувчилар ёрқин рангли iPhone смартфонларининг корпусидаги ранглар ўчиб кетаётганига эътибор қаратди. Аввалига бу iPhone 12 эгаларининг эътиборини тортган — бир неча ой ичида смартфоннинг ён томларидаги ранг хиралаша бошлаган, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Эълон қилинган суратлардан кўриш мумкинки, бўёқ смартфоннинг барча ёнларида эмас, балки юқори қисмида — блоклаш тугмасига яқин жойда хиралашган. Шу билан бирга, смартфондан эҳтиёт бўлиб фойдаланилган, силикон ғилофда сақланган.

Афтидан, айрим рангдаги iPhone’ларнинг алюминийдан ишланган ён томонларининг ранги смартфондан эҳтиёткорлик билан фойдаланилган тақдирда ҳам ўчиб кетмоқда. Бу каби шикоятлар нафақат янги модель эгаларидан, балки бундан олдинги — iPhone 11 ва SЕ 2020 фойдаланувчиларидан ҳам келиб тушган.

Қуйида ранг ўчиб кетган қизил iPhone 11 тасвирланган:

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Бу қанчалик оммавий муаммо эканлиги ва қандай шароитларда пайдо бўлиши — тушунарсиз. «Алоҳида iPhone’ларни бўяшда ўзига хос қандайдир жараён сабаб корпус ранги ўчмоқда», — дейилади хабарда. Тахминларга кўра, қизил моделлар қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсирида рангини йўқотиши мумкин, бироқ бу каби ҳолатда шикоятлар ҳозиргидан кўп бўларди.

Apple компанияси ҳозирча мазкур шикоятларга ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрь бошларида iPhone 12 эгалари смартфон экрани блокда бўлганда ҳам аккумулятор сарфи кўплигидан шикоят қилганди.