«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — 3 йилдан бери Москвада ишлаётган 25 ёшли Олим Хайруллаев.

Фото: Олим Хайруллаевнинг шахсий архивидан

Отамнинг топгани ижарадан ортмасди

Исмим Олим. 1995 йил Сурхондарёда оддий ишчи оиласида туғилганман. Оилада беш кишимиз. Ота-онам, мен ва икки синглим.

2000 йиллар бошида Сариосиёнинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида вазият анча нотинч эди. Сариосиёда жангариларга қарши жанглар бошлангандан сўнг захирадаги ҳарбий хизматчи бўлган дадамни ҳам кўп бор олиб кетишга ҳаракат қилишган деб эшитганман. Дадам эса ҳафталаб ҳарбийлардан беркиниб, сомонхоналарда ётган вақтлари бўлган экан. Орадан бир йил ўтиб мажбурликдан Термиз туманига иш излаб келиб, бир ташкилотга қоровул бўлиб ишга кирганлар. Биз ҳам дадам туфайли бир йилдан кейин Термиздаги Учқизил қўрғонига оилавий кўчиб келганмиз.

Ўша кунлар ҳалиям эсимда. Отам 40 минг сўм ойликка ишлар, биз эса онам ва сингилларим билан уйда ўтирардик. Отамнинг топгани ижара тўловидан ортмасди.

Кейинроқ боғбонлардан ижарага ер олиб, ерёнғоқ етиштира бошладик. Ҳосилнинг дони бизники, пояси боғбонники эди. Шу тариқа тўрт йилимиз ўтди.

Баъзи вақтлар уйда ейишга нонимиз бўлмай, унинг ўрнига ерёнғоқ еб ўтирардик. Лекин ота-онам бизга жуда яхши тарбия беришгани учун нолимасдик. Ҳаммасига чидардик.

Лекин ўша вақтлар битта биз эмас, жуда кўпчилик озиқ-овқатдан қийналарди. Дўкон олдида одамлар соатлаб нонга навбат кутишарди.

Уйдан репетиторга пул сўрашга виждоним йўл бермасди

Кейинчалик онам бир ташкилотга фаррош бўлиб ишга кирганидан сўнг рўзғоримиз анча яхшиланди. Мен ҳам аввал тумандаги мактабни, кейин академик лицейни тамомладим.

Икки йил давомида ўзим мустақил ўқишга тайёргарлик кўрдим. Чунки репетиторимга уйдагилар рўзғорга кетадиган пулдан олиб берарди. Кейин еб-ичишга етказолмай жуда қийналишарди. Буни кўриб туриб, «курс»ларимга пул сўрашга виждоним йўл қўймасди.

Хуллас, икки йил университетга топшириб, киролмаганимдан сўнг пул топиш ҳаракатига тушдим. Бир неча йил давомида телефон тузатиш устахоналарида ишладим.

Бу ер менинг жойим эмас

2016 йил ишлаш учун Тошкентга келдим. Фотосалоннинг бир бурчагидан жой олиб, телефон тузата бошладим. Ёнимда бир график дизайнер йигит ишлар, мен қийналиб топган пулимни у компьютерининг бир неча кнопкаларини босиб топарди. Уни кўриб, бу соҳага қизиқишим ортди. Ишлаётганида қараб ўтириб, график дизайнерликни ўргана бошладим. Деярли уч йилча шу фотосалонда яна фотографлик ҳам қилдим.

Кейинроқ у ердан бўшаб, Чилонзордаги полиграфияга дизайнер бўлиб ишга кирдим. Бироқ ишхонада кун бўйи стрессда ишлардик. Чунки буюртмалар жуда қимматга олинарди. Шунга яраша ишни сифатли бажариш керак бўлган.

Доим стрессда юрардим. Чунки уйга пул жўнатиш керак. Топган пулим эса кўпинча еб-ичишга, йўл кирага етмай қоларди.

Хуллас, яна иш алмаштиришимга тўғри келди. Бир танишимнинг кийим-кечак дўконига фотограф бўлиб ишга кирдим.

Ҳали дўкон очилмаган, унинг ички дизайни билан шуғулланишим керак эди. Шундай қилиб, танишим билан биргаликда жиҳозлаб чиқиб, дўконни очдик. Аста-секин кийимлар сотила бошлади. Мен янги келган товарни расмга олиб, монтаж қилардим.

У ерда ҳам уч ойча ишладим, афсуски, дўконнинг иши юрмади. Тушундимки, бу ер менинг жойим эмас!

Келажагим ҳақида кўп ўйлардим. Ота-онам ўзи зўрға қийналиб катта қилишган бўлса, битта ўғилман-ку, қилиб берадида деб ўтиролмасдим. Ўзим учун ўзим ҳаракат қилишим, интилишим керак эди.

Кўп ҳаракат қилардим, қаттиқ ишлардим. Лекин топган пулим бир миллиондан зўрға ошарди. Бу пул билан мен қандай қилиб уйланаман? Икки хонали уйимизни қандай қилиб янгилайман? Нима қилсам, яхши бўлади деб узоқ ўйладим ва Россияга кетишга қарор қилдим.

Фото: Олим Хайруллаевнинг шахсий архивидан

Бир дунё орзулар билан Москвага келдим

2019 йил сентябрда Москвага келдим. Самолётда ҳам булутларга қараб ўзимча бошланишига майли, ҳар қанақа иш бўлса ишлайман, кейинроқ мутахассислигим бўйича иш излайман деб режалар тузиб келдим.

Келишим билан танишимнинг квартирасига жойлашдим. Икки хонали уйда 10—12 киши яшар эдик. Кўпроқ одам билан туриш бизга арзонроқ тушарди-да.

Хонадошим Достон «Пятерочка» дўконлар тармоғида юк ташувчи бўлиб ишларди. Иш излаб юрган пайтим у дўконда иш борлигини айтиб қолди. Бордим. Шу тариқа кечки сменада ишлай бошладим.

Вазифамиз дўконга келган юкни тушириш ва маҳсулотларни пештахталарга жойлаштириш эди. Эрталабгача ҳамма ишни тугатиш шартлиги боис кечаси соат 9:00 дан 12:00 гача тинимсиз ишлардик. Ишдан чиқибоқ, фақат ухлаш ҳақида ўйлардик. Шу тарзда икки ой ишладим ва охири бўшадим.

Фото: Олим Хайруллаевнинг шахсий архивидан

Ниҳоят ўзим хоҳлаган ишга кирдим

Ўзимни қўлга олиб, эълон берувчи сайтларга фотограф-дизайнерлик бўйича анкетам ва партфолиомни жойлаштириб чиқдим. Бир муддат «Грабли» ресторанида официант ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрдим.

Бир куни эрталаб ишга кетишимдан олдин телефоним жиринглади. Кўтарсам, эълоним бўйича боғланишаётганини, иш учун суҳбатга келишимни айтишди.

Ҳали суҳбатдан ўтмаган бўлсам-да, ниҳоят яхши кўрган касбим бўйича ишлаш имкони туғилди, деб жуда хурсанд бўлдим. Тезда айтилган манзилга етиб бордим.

Мени автосалонга суҳбатга чақиришган экан. Вазифам янги келган автомобилларни суратга тушириб, график ишлов бериш. Топшириқ бериб, қобилиятимни текшириб кўришди. Ишим уларга ёқиб қолди. Рус тилини унчалик яхши билмаслигимга кўз юмиб, жамоага қабул қилишди.

Лекин ишим қонуний эмас. Меҳнат шартномаси тузилмаган. Сабаби кўп иш берувчилар мигрантларга солиқ тўлашдан қочади. Ойлигимни эса нақд пулда ойига икки марта оламан.

Ойлик маошим ҳозирда 50 000 рубль (тахминан, 680 доллар). Иш графигимиз эркин. Ҳафтасига беш кун, соат 10:00 дан 19:00 гача ишлаймиз. Деярли бир ярим йилдан буён шу автосалонда ишлаяпман. Дам олиш кунларим ёки бўш вақтларим ишимдан ташқари дизайн ёки фотосессия бўйича қўшимча ишлар олиб тураман.

Аллоҳга шукр, ҳозир ҳаммаси жойида. Фақат топган даромадимизнинг ярми Россияда қолиб кетяпти. Патентга ойма-ой 5341 рублдан тўлаш осон эмас. Қолаверса, ижара ҳақи, регистрация ҳам бор.

Фото: Олим Хайруллаевнинг шахсий архивидан

Москвада учратган ҳар икки одамимдан бири — ўзбек

Ишим туфайли шаҳарнинг турли бурчакларида бўламан. Кўпинча ҳар учратган одамимдан бири юртдошларимиз бўлиб чиқади.

Худди Ўзбекистонда юргандек бўламан. Кўплари жуда ҳам оғир меҳнат шароитларида озгина ойликка ишлайди. Тўғриси, раҳмим келади.

Баъзида виждоним қийналади, баъзида эса тушунмайман. Нимага улар қийналиши керак? Ўша пайт жавобим ҳам тайёр бўлади: Чунки ўз ватанимизда бунча пулни тополмаймиз. Ўзга юртларда ишлашга мажбурмиз.

Муҳожирлар — чўпонсиз подадек

Биласизми, нимагадир бу ерда консуллик ёрдамини умуман ҳис қилмайман. Сизда қандайдир муаммо туғилса, ўзингиз ҳал қилишингизга тўғри келишини ич-ичингиздан сезиб турасиз.

Қўпол қилиб айтганда, биз мигрантлар чўпонсиз подадекмиз, бошқарувчи, ёрдам берувчи йўқ. Кимдир ойлигини ололмаган, кимдир паспортини йўқотиб уйига кета олмаяпти. Кимнингдир соғлиғи ёмон аҳволда, лекин давлат томондан ҳеч қандай кўмак берилмайди.

Бир марта консулликка ишим тушиб, 28 дақиқа деганда операторга уландим ва муаммоимни айтишимни бошлашим билан «қизил»ни босиб қўйишди. Иккинчи уринишда навбатим 20 дақиқа келди, фақат улар шунчаки гўшакни кўтаришмади. (Керак бўлса менда аудиоёзув ҳам бор!)

Мигрантларга давлатдан кўра асосан блогерлар ёки бошқа давлат фуқароларининг ёрдами кўпроқ тегади.

Мен умуман фуқароларимиз ўзга юртларга ишлаш учун кетмаслигини аксинча ўзимизнинг давлатимизда кўплаб иш ўринлари яратилиб иш ҳақи баланд бўлишини хоҳлардим. Лекин ҳозирча бунинг имкони йўқ. Шунинг учун ўзга юртларда ишлашга мажбурмиз!

Фото: Олим Хайруллаевнинг шахсий архивидан

Мигрантларнинг орқасида турадигани йўқ

Аввал Германияни миллатчи деб билардик. Ҳозирда эса мен россияликларни шундай деб биламан (тўғри, ҳаммаси эмас, яхшилари ҳам кўп). Кийинишингизга, пулингизга қараб муомала қилади.

Айнан ўзбекларга муносабат унчалик яхши эмас, балки давлат бизни камроқ қўллаб-қувватлагани учундир, билмадим. Менимча, ҳукумат томонидан муҳожирлар қонуний ҳимояга олинса, мигрантларга бўлган муносабат ҳам ўзгарарди.

Оддий мисол, бирорта ўзбек бошқа давлат фуқароси томонидан камситилса ёки унга ноҳақлик қилинса ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайди. Чунки орқасида турадиган битта нажот элчихона. У ҳам кўнгилдагидек эмас!

Бундай бўлгандан кейин айтинг, ким яна бизни муҳожирларга бирор зарар етказолмайди деб кафолат беради? Ҳеч қандай реакция бўлмагандан кейин у яна шу ишни бемалол қилаверади.

Фото: Олим Хайруллаевнинг шахсий архивидан

Ҳатто тушимда ҳам уйимда бўлиб қолиш қўрқинчи

Биласизми, баъзида тушларимда Сурхондарёда ота-онам яқинларим даврасида бўлиб қоламан. «Мен буёққа қандай келиб қолдим? Эртага ишга боришим керак-ку, Москвага энди қандай қайтаман? Йўллар ёпиқ-ку, қандай ўтаман?» деб қўрқиб уйғониб кетаман.

Очиғини айтсам, бўйнимда уй олиш, ота-онамни зиёратларга юбориш, оила қуриш, бизнес бошлаш каби ишлар турганда тўсатдан Ўзбекистонда бўлиб қолиш мен учун ҳатто тушимда ҳам қўрқинчли! Бу ватанимни ёмон кўрганимдан эмас, шунчаки елкамдаги маъсулиятнинг оғирлигидан.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

Лойиҳада иштирок этишни истаган муҳожир юртдошларимиз Telegram’даги @daryomuxbiriга мурожаат қилишлари мумкин.