Европа Иттифоқи 15 март, душанба куни Буюк Британияга қарши суд ишларини бошлади. Брюссель Британия ҳукуматини Brexit (Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши) шартномасининг айрим қоидаларини бузган, деб даъво қилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Global Look Press

Даъвонинг очилишига Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг имтиёзли даврни март ойининг охиридан 1 октябргача бир томонлама узайтириш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди. Бунда гап Лондоннинг баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини мамлакатнинг қолган қисмидан Шимолий Ирландияга, хусусан, Ирландия денгизи орқали олиб киришда чекловлар қўйишни истамаслиги ҳақида кетмоқда.

Brexit келишувига мувофиқ, Шимолий Ирландия Евроиттифоқ билан божхона шартномаси таъсири остида қолмоқда, бу эса Шимолий Ирландия ва Евроиттифоқнинг бир қисми бўлган Ирландия Республикаси ўртасидаги чегарани тўлиқ тикламасликка имкон беради. Шартноманинг хусусиятларидан бири шундаки, у Буюк Британияни мамлакатнинг бошқа қисмларидан Шимолий Ирландияга товарларни олиб киришда назорат ўрнатишга мажбур қилади. Лондон эса имтиёзли давр тугашининг амалдаги муддати номукаммал техник процедуралар туфайли минтақа таъминотида узилишларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблайди.

Reuters таъкидлаганидек, суд процедурасининг бошланиши расмийларнинг Европа Иттифоқи Олий судига мурожаат қилганини англатади. Назарий жиҳатдан, бу жаримага сабаб бўлиши мумкин, аммо амалда жараён бир йилга чўзилиши мумкин, бу эса ҳар икки томонни ҳам қониқтирадиган ечим топишга вақт беради. Европа комиссияси раисининг ўринбосари Марош Шефчович Евроиттифоқдан чиқиш бўйича музокараларга масъул бўлган Дэвид Фростга маслаҳатларни бошлаш таклифи билан аллақчон хат юборган.

Жонсон 15 март, душанба куни имтиёзли даврни узайтириш зарурлигини эълон қилди ва буни бошқа масалалар қаторида Шимолий Ирландияда сиёсий келишувни ривожлантириш ва нормал савдо учун шароит яратиш зарурати билан изоҳлади.

Аввалроқ Brexit’дан кейин Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига экспорт ҳажми камайгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи 2020 йил декабрь ойида Brexit’дан кейинги ўзаро ҳамкорлик шартларини келишиб олган ва Бирлашган Қироллик 2021 йил 1 февраль куни 47 йиллик аъзоликдан сўнг Европа Иттифоқини тарк этган. Январь ойида Bloomberg нашри Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиш ҳақидаги қарори мамлакат иқтисодиётига 132,8 миллиард фунт стерлинг (173,8 миллиард доллар)га тушганини маълум қилганди.