Сирдарёда ҳайдовчи билан мулоқотда Вазирлар Маҳкамаси низоми ва ички ишлар вазирининг меъёрий буюриғидан четга чиққан ЙПХ ходими жазоланди, дея хабар қилмоқда ЙҲХББ.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 8 февраль куни ижтимоий тармоқда «Сирдарёда қарғайдиган ‘ГАИ’ ходими» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалган.

Видеолавҳада Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими И.Й. ҳайдовчи билан ўзаро мулоқот вақтида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган низом ҳамда ички ишлар вазирининг меъёрий буйруғи талабларидан четга чиққанлиги ҳолати акс этган.

Мазкур видеолавҳа юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув хулосасига кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Олий суди, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан тасдиқланган низом ҳамда ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи талабларини бузганлиги учун Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди биринчи сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори И.Й.га нисбатан лавозим маошининг 30 фоиз миқдорида жарима жазоси эълон қилинди.

Бундан аввал Тошкентнинг Дўмбиробод даҳасидаги чорраҳада юзага келган тирбандликни бартараф этган 11 ёшли бола воқеа қандай бўлганини сўзлаб бергани, Қўқонда ЙПХ ходимини машина устида судраб кетган ҳайдовчи 1,5 йилга қамалгани ҳамда Сирдарёда ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигит 8 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.