Европа Иттифоқи мамлакатларининг дипломатлари бир қатор давлатларга, хусусан, Россия ва Хитойга нисбатан инсон ҳуқуқларини бузганлик учун янги санкцияларни маъқуллади. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Global Look Press

Қайд этиш жоизки, бу Европа Иттифоқининг 1989 йилдаги қурол-аслаҳа эмбаргосидан кейин Пекинга қарши биринчи санкциялари ҳисобланади.

«Европа Иттифоқи элчилари инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги санкциялар гуруҳига ‘яшил чироқни ёқди’. Бу сафар Хитой, Эритрея, Ливия, Шимолий Корея, Россия ва Жанубий Судандан 11 киши ва тўрт ташкилотга нисбатан чеклов қўйилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қарорлар 22 март, душанба куни эълон қилиниши керак. Хабарга кўра, рўйхатдаги икки россиялик Чеченистонда «гейларни тозалаш»да айбланмоқда.

Reuters’нинг хабар беришича, элчилар, шунингдек, тўрт нафар хитойлик учун сафар қилишни тақиқлаб, активларини музлатишни ҳамда битта Хитой ташкилотига қарши санкцияларни маъқуллади.

«Чеклов чоралари инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши сабаб қабул қилинди», — деди Европа Иттифоқи дипломатларидан бири. Хитой расмийлари Хитойдаги уйғур мусулмон озчилигига қарши инсон ҳуқуқларини бузишда айбланмоқда. Ушбу ҳаракат Европа, АҚШ ва Канададаги уйғурларнинг аҳволига нисбатан чуқур ташвишларни акс эттиради, дейди дипломатлар.

Аввалроқ Евроиттифоқ Венесуэла дипломатик ваколатхонаси раҳбарини ўз ҳудудидан чиқариб юборгани ҳақида хабар берилганди. Бунга сабаб қилиб республиканинг ҳамжамият вакилига нисбатан худди шундай муносабатда бўлгани кўрсатилган. Шунингдек, Евроиттифоқ ва АҚШ Навальний иши юзасидан Россияга қарши санкциялар киритди.