16 март куни Наманган шаҳри Ислом Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган Lacetti ҳайдовчисининг шахсига аниқлик киритилди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Lacetti ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсуниш ўрнига уни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Оқибатда инспектор Солиев бош мия чайқалиши, ўнг сон юқори соҳаси юмшоқ тўқималарининг енгил шикастланиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Ходимлар томонидан қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ҳодиса сабабчисининг шахсига ойдинлик киритилган ва автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган.

«Соат 22:30 ларда шаҳар ҳокимлиги олдига бир фуқарога қарзимни бериш учун келдим. Машинам ичида болаларим бор эди. Пулни бераман деб турган пайтимда мазам қочди, яқинда даволаниб чиққанман. Озгина беҳаловат бўлдим, аёлимга рулни бериб, шифохонага олиб боришини айтдим», — дейди машина эгаси.

Lacetti ҳайдовчисининг рафиқасини сўзларига кўра, у машинани бошқариш вақтида ЙПХ ходими йўлдан бирданига чиқиб қолганидан қўрқиб кетиб, шокка тушиб қолган. «Турмуш ўртоғимнинг мазаси бўлмагани сабабли шокка тушиб қолдим. Қўрқиб кетдим, шу сабабли уриб юбордим», — дейди аёл.

Аввалроқ Қўқонда ЙПХ ходимини машина устида судраб кетган ҳайдовчи 1,5 йилга қамалгани тўғрисида хабар берилганди.