Коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида чет эллик томошабинлар иштирок эта олмайди. Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси ва Япония ҳукумати вакиллари ўртасида бўлиб ўтган онлайн учрашувдан сўнг Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».

Фото: Getty Images

«Олимпиадага чипта сотиб олган чет элликлар учун вазиятни аниқлаштириш ва уларнинг мазкур пандемия шароитидаги саёҳат режаларига ойдинлик киритишни мақсад қилган Япония ҳукуматининг хулосасига кўра, улар Олимпия ва Паралимпия ўйинларини томоша қилиш учун Японияга кела олмайди». — дейилади қўмита баёнотида.

Шу билан бирга, баёнот муаллифлари тез орада чет эллик мухлислар учун чипталарни қайтариб бериш механизми ҳақидаги изоҳларни тақдим этишга ваъда берди.

Kyodo News агентлигининг таъкидлашича, ташкилотчилар чет эллик кўнгиллиларни ҳам қабул қилмайдиган бўлди. Олимпиада ўйинларини 2021 йилга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтда ташкилий ишлардаги 80 минг кўнгиллиларнинг тахминан 10 фоизи чет эл фуқароларига тўғри келган. Шу билан бирга, расмийлар Японияда топилиши қийин бўлган кўнгиллилар, масалан, камчилик гаплашадиган тилларда сўзлашувчиларнинг ўйинга келиши эҳтимолини ўрганмоқда.

Агентликнинг хабар беришича, Олимпиада чипталарининг 1 миллионга яқини чет элликларга сотилган бўлиши мумкин.

Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 2020 йил ёзида бўлиб ўтиши керак эди, лекин коронавирус пандемияси туфайли улар 2021 йилга қолдирилди. Энди Олимпиада 23 июлдан 8 августгача, Паралимпия ўйинлари 24 августдан 5 сентябргача бўлиб ўтади.

Шунингдек, Японияда Олимпиада машъаласи эстафетасининг 25 март куни Фукусимада бошланадиган биринчи қисми томошабинларсиз ўтиши маълум қилинган.

Аввалроқ Япония компанияларининг ярмидан кўпи 2021 йилги Олимпиада ўйинларига қарши эканини билдирган эди.