Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий хизмати Россия президенти Владимир Путиннинг Қрим ва Севастополнинг аксарият ҳудудларида чет эл фуқаролари учун ерга эгалик қилишни тақиқловчи фармонини танқид қилди. Бу ҳақда муассаса веб-сайтига таяниб, Meduza хабар берди.

Фото: Depositphotos

«Европа Иттифоқи Қрим яриморолининг Россия томонидан ноқонуний равишда қўшиб олинишини тан олмайди, бу халқаро ҳуқуқнинг очиқдан очиқ бузилиши ҳисобланади. Шу сабабли Евроиттифоқ ушбу фармонни тан олмайди ва унинг кучга киришини аннексия қилинган яриморолни Россияга мажбуран қўшиб олишга қаратилган яна бир уриниш деб билади. Қрим Украинанинг бир қисмидир», — дейилади баёнотда.

Евроиттифоқнинг ташқи сиёсий хизматининг баёнотида таъкидланишича, Қримда ерга эгалик қилишнинг тақиқланиши халқаро гуманитар ҳуқуқни бузади, чунки бу ҳудуд аҳолисини Россия фуқаролигини қабул қилишга мажбурлайди.«Бу мулк ҳуқуқидан ўзбошимчалик билан маҳрум қилишга олиб келади», — деб таъкидлади муассаса.

Маълумот учун 2020 йилнинг март ойида Владимир Путин чет эл фуқаролари учун Қрим ва Севастополнинг чегара ҳудудларида ерга эгалик қилиш ҳуқуқини тақиқловчи фармон қабул қилган. Хусусан, Ялта, Керч, Евпатория, Судакдаги ерларга эгалик қилиш  тақиқланган. Фармон 2021 йилнинг 20 мартидан кучга кирди.

«РБК» агентлигининг ёзишича, 2020 йил апрель ойи ҳолатига кўра, Қримда чет элликлар эгалик қилишини тақиқловчи президент фармони таъсирига 11,5 мингта ер участкаси тушган. Ерлар 55 та мамлакат фуқароларига, асосан, украиналикларга тегишли эди.

Аввалроқ Евроиттифоқ ва АҚШ Навальний иши юзасидан Россияга қарши санкциялар киритгани ҳамда АҚШ Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россияга қарши киритган санкцияларини кенгайтиргани ҳақида хабар берилганди.