Америкалик бизнесмен Кейт Тэйлор коронавирус келтириб чиқарган тиннитус сабаб ўз жонига қасд қилди. Ўлимидан аввал Кейт мазкур муаммодан азият чекаётганлар учун жамғарма ташкил қилишга улгурган. Бу қандай аломат ва унга қарши қандай курашиш мумкинлиги ҳақида қуйида ўқишингиз мумкин.

Фото: Freepik

Тиннитус нима?

Тиннитус эшитиш билан боғлиқ муаммо саналиб, унда одамнинг қулоғига шовқин, чийиллаш ва бошқа такрорланувчи товушлар жуда ҳам баланд ва паст частотада эшитилиши, бу бир ёки ҳар икки қулоқда кузатилиши мумкин.

Ҳатто шовқинли жойларда ҳам қулоққа чалиниши мумкин бўлган бундай садолардан одамлар қутула олмаслиги, сас ҳатто уйқуда ҳам эшитилиши мумкин. Доимий равишда қулоқдаги жаранглаш билан кечадиган тиннитус билан яшаш ва унга чидаш осон бўлмайди.

Тиннитус етарли даражада кам тарқалган, аммо одатда қисқа муддат давомида кузатилади: сайёрадаги деярли ҳар ўнинчи одам билан ҳеч бўлмаганда бир марта ушбу ҳолат юз берган. Одатда бу бир неча сониядан узоққа бормайди, икки кун давом этадиган тиннитус эса шифокорга мурожаат қилиш учун жиддий сабаб бўла олади.

Коронавирус билан қандай алоқадорлиги бор?

Тиннитус коронавирусга хос симптомларнинг расмий рўйхатидан ўрин олмаганига қарамай, айримлар COVID-19 билан зарарлангандан кейин унинг пайдо бўлганини маълум қилган. Тэйлорнинг ўлимидан кейин, айниқса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари касалликдан сўнг бир қулоғи эшитмай қолгани, асабга тегадиган шанғиллаш кузатилгани, бир ҳафтадан кейин ўтиб кетгани билан барибир ёқимсиз бўлганини ёзиб қолдирган.

Коронавирус симптомлари билан боғлиқ тадқиқотларда коронавирус билан касалланган 15 фоиз одам эшитиш билан боғлиқ муаммо, хусусан, тиннитусдан шикоят қилгани аниқланган. Коронавирусгача муаммоси бўлганларда эса вирус билан зарарлангандан кейин аҳвол янада ёмонлашган.

Мазкур муаммо коронавирус иммун тизимининг кучли реакциясини келтириб чиқариб, мия билан қулоқ ўртасидаги алоқа ишдан чиқиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Эмланганлар орасида кучли тиннитуснинг кузатилиши ҳозирча қайд қилинмаган. АҚШнинг вирусга қарши эмланган катта ёшли фуқароларида кузатилган, аммо енгил кечган ва тез ўтиб кетган ушбу ҳолатни эмланиш билан боғлаб бўлмайди.

Қандай даволаш мумкин?

Уни буткул бартараф қилиб бўлмагани билан шифокорлар симптомларни енгиллаштириш учун стероидлар ва яллиғланишга қарши воситаларни қабул қилишни ёзиб бериши мумкин. Ёқимсиз товушларни нейтраллаштириш учун ёқимли мусиқа ва товушларни эшитиш керак. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам шифокорга бориш ва унинг тавсияси асосида чора кўриш керак.