Оммабоп гуруҳ 1993 йил Флорида штатининг Орландо шаҳрида ташкил топган. Дастлаб гуруҳ таркибида учта ижрочи – Эй Жей Маклин, Ник Картер ва Хауи Дороу бор эди. Янги мусиқий гуруҳ ташкил топиши ҳақида эшитган йигитлар дарҳол танловда иштирок этган ва гуруҳга қабул қилинган.

Фото: «Fotodom.ru»

Йигитлар тез орада Кевин Ричардсон ҳақида хабар топади, сўнгра унинг амакиваччаси Бараян Литтреллни ҳам гуруҳга қўшади. Улар гуруҳ номини Backstreet Boys деб номлашга қарор қилган. Чунки улар тез-тез айнан шу ном билан маҳаллий бозорда вақт ўтказар эди.

Фото: «Fotodom.ru»

Тез орада гуруҳ, клуб, ресторан, кўргазма, савдо марказлари ва бошқа жойларда ўз чиқишларини бошлади.

Фото: «Fotodom.ru»

Гуруҳ ташкил топганидан сўнг бир йил ўтиб, улар Jive Records компанияси билан шартнома имзолайди ва энг машҳур қўшиқларни тақдим этади. 1996 йилда гуруҳнинг биринчи альбоми чиққан, бу уларга муваффақиятни мустаҳкамлаш ва машҳурликка эришишга сабаб бўлди.

Фото: «Fotodom.ru»

Мусиқачилар дунё бўйлаб саёҳат қилар, янги тароналар ва клиплар суратга олишар эди. Гуруҳнинг иккинчи «Millennium» альбоми «Грэмми»нинг бешта номинациясига сазовор бўлди. 2001 йилда гуруҳ ижодий танаффусга чиққанини эълон қилганида улар айнан машҳурлик чўққисида эди. Бир неча йил мобайнида ижрочилар алоҳида карьерасини шакллантиришга ҳаракат қилди, аммо улар яна қайта бирлашди.

Фото: «Fotodom.ru»

Backstreet Boys энг кучли ва истеъдодли гуруҳлардан бири. Улар ҳали ҳам қўшиқ куйлаш ва альбомлар тақдим этишдан тўхтагани йўқ. 2019 йилда гуруҳнинг навбатдаги – DNA деб номланган альбоми чиқди.

Фото: «Fotodom.ru»

Эй Жей Маклин

Фото: Instagram / @backstreetboys

Маклин санъат оламига икки ёшидан кириб келган. Ўша вақтдаёқ у мода намойишлари ҳамда театр томошаларида иштирок этган. У 9 ёшга тўлганида «Ҳақиқат ёки журъат» фильмида бош қаҳрамон сифатида роль ижро этган. Кейинчалик у оиласи билан Орландога кўчиб кетади ва у ерда ҳам турли танловларда иширок этган. Бу вақтда у гуруҳнинг бир қисми сифатида машҳурликка ҳам эришиб бўлган эди. Маклин 2000 йилларга келиб, ўзининг карейрасини бошлади. Баъзида у Johnny No Name тахаллуси остида ҳам ижод қилар эди. У мустақил равишда бир неча альбом чиқарган бўлсада, гуруҳдан ажралмади. Шунингдек, у ҳаётининг бир қисмида спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ҳам берилди. Аммо ўзида куч топиб, бунга қарши курашди. Эндиликда у хайрия ишлари билан шуғулланади ва муаммога дуч келган инсонларга ёрдам қўлини чўзади. 2001 йилда у севгилиси Рошель Каридис билан турмуш қурган ва жуфтликнинг икки нафар фарзанди бор.

Ник Картер

Фото: Instagram / @backstreetboys

Ник ёшлигида актёр бўлишни орзу қилган, шунинг учун ҳам кастингларда иштирок этган. 1990 йилда эса «Эдвард қўл-қайчи» фильмида роль ижро этишга муяссар бўлган. Аммо бир неча йил ўтгач, Ник гуруҳ қўшиқчисига айланди ва дунё бўйлаб машҳурликка эришди. 2002 йил гуруҳ карьерасида танаффус қилганда, Ник ўзининг биринчи «Now or Never» дискини тақдим этди. Кўп ўтмай янги альбом устида иш бошлаган Ник 2010 йилга келиб, уни тугатишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, у бир неча фильмларда ҳам роль ижро этди. У ҳам бошқа ҳамкасблари сингари хайрия ишлари билан шуғулланади ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига эътибор беради. Ник Картер актриса ва фитнесс мураббийи Лоран Китт билан турмуш қурган ва уларнинг икки нафар фарзанди бор.

Хауи Дороу

Фото: Instagram / @backstreetboys

Хауи ҳам ёшлигдан ижод оламида бўлиб, театр томошаларида иштирок этган. У гуруҳ аъзосига айлангунга қадар турли танловларда қатнашган. Лекин унга муваффақиятни айнан Backstreet Boys гуруҳи келтирган. 2011 йилда Хауи ўзининг биринчи «Back to Me» яккахон альбомини тақдим этган. Йигит продюсерлик ва хайрия ишлари билан шуғулланади. Мусиқачининг синглиси волчанка касаллиги билан вафот этганидан сўнг у ушбу касалликни ўрганувчи ва беморларга ёрдам кўрсатувчи Dorough Lupus Foundation жамғармасига асос солди. 2007 йилда эса севгилиси Ли Бониэлло билан турмуш қурган ва ҳозирда икки нафар ўғлини тарбиялаб келмоқда.

Кевин Ричардсон

Фото: Instagram / @backstreetboys

Болалигиданоқ санъат оламида бўлган Кевин Орландога кўчиб ўтганидан сўнг «Уолт Дисней Жаҳон маданият маркази»да экскурсия бўйича раҳбар бўлиб ишлаган. Унинг ҳаёти гуруҳ аъзосига айланганидан кейин бутунлай ўзгариб кетган. Аммо танаффусдан кейин Кевин гуруҳга қайтишни истамади ва ўзи яккахон тарзда ижод қилишни маъқул кўрди. Ўтган вақт мобайнида у ўзини актёр сифатида ҳам синаб кўрди. 2012 йилга келибгина у гуруҳга қайтишга қарор қилди. У ҳам дўстлари сингари хайрия иҳслари билан шуғулланади. Саратон билан касалланганларга ёрдам беради, сабаби отаси ҳам айнан шу касаллик туфайли вафот этган. Кевин актриса Кристин Кей Уиллиц билан турмуш қурган ва икки нафар ўғил фарзандни тарбияламоқда.

Брайан Литтрелл

Фото: Instagram / @backstreetboys

1993 йили Кевин амакиваччасини гуруҳнинг бешинчи аъзоси сифатида таклиф қилган. Брайан ёшлигида туғма юрак нуқсони билан туғилган ва шифокорлар унинг омон қолишига ишонмаган. Аммо Брайан касалликка дош бера олди ва бунинг учун Яратгандан доим қарздорлигини тан олади. Кейинчалик у ҳам ҳамкасблари сингари хайрия ишлари билан шуғулланди ва юрак хасталиги билан оғриган беморларга яқиндан ёрдам берадиган «Соғлом қалблар клуби» фондини яратди. Шунингдек, у табиий офат қурбонлари, муҳтожлар, ногирон ва етим болаларга ҳам ёрдам беради. У 20 йилдан буён актриса Лиэнн Уоллес билан бахтли ҳаёт кечириб келмоқда.