2020 йилда Ўзбекистонда хорижга 100 тонна номонетар олтин сотган. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: Bloomberg

Бу тонналарда амалга оширилаётган сотувларга оид маълумотларнинг сўнгги 10 йил ичида биринчи маротаба эълон қилиниши. Давлат статистика қўмитаси олтинга оид статистикани мунтазам эълон қилиб келади, бироқ у миқдор эмас, балки пул кўринишида.

Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлишича, энг кам олтин 2012 йилда сотилган — 10 тонна, энг кўпи эса 2019 йилда — 110 тонна.

Фото: Spot

Ўтган давр ичида нархлар ҳам сезиларли даражада ўзгарган, масалан, 2012 йилда бир унция олтин 1668,9 доллар турган бўлса, 2015 йилда 1159,8 долларни, 2020 йилда эса 1771 долларни ташкил этган.

Spot’нинг ёзишича, Ўзбекистон сўнгги бор 2020 йилнинг августида олтин экспорт қилган. Марказий банк олтинни валюта активларини самарали бошқариш, шу жумладан, халқаро қимматбаҳо металлар бозори таҳлили ва олтин нархлари прогнози асосида сотади.

Марказий банк олтин қиммат бўлганида (2000 долларга қадар) фаол сотган. Сентябрда, экспорт тўхтаганида қимматбаҳо металл 1904 долларгача арзонлашди. Ҳозирда эса унинг нархи 1724 долларни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 1 март ҳолатига кўра 33,2 миллиард долларни ташкил этган. Бир ой ичида улар 1,1 миллиард долларга қисқарган.