Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 4,8 фоизгача тикланади. Spot’нинг маълум қилишича, бу ҳақда «Европа ва Марказий Осиё минтақлари иқтисодиёти шарҳи»нинг навбатдаги сонида қайд этилган.

Фото: «Дарё»

Аммо таҳлилчилар таъкидлашича, ўсиш суръатига жаҳон иқтисодиёти тикланиши тезлиги ва аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш миллий кампаниясининг муваффақияти билан боғлиқ бўлган ноаниқлик таъсир қилиши мумкин.

Савдо ва инвестиция оқими, меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳажми, қишлоқ хўжалигида мўл ҳосилнинг босқичма-босқич тикланиб бориши ва аҳолини эмлаш иқтисодиётнинг тикланишига кўмаклашади ҳамда ишсизлик ва қашшоқликни янада камайтиришга ёрдам беради.

Аҳолини вакцинация қилишнинг тезлашиши ва жаҳон иқитисодиётидаги узилишларнинг сусайиши билан ЯИМ ўсиши 2022 йилда юқорироқ (5,5 фоизгача) бўлиши прогноз қилинмоқда.

Йирик инвестиция лойиҳалари доирасида машиналар, ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари импорти ҳажмининг тикланиб бориши билан 2021 йилда тўлов балансининг жорий ҳисоби дефицити ЯИМнинг 5,5 фоизигача ўсиши прогноз қилинмоқда.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 2020 йилги пасайишдан сўнг қисман тикланиши прогноз қилинганига қарамай, давлат ва хусусий қарзлар тўлов баланси жорий ҳисобот дефицитининг катта қисмини молиялаштиришда давом этиши кутилмоқда.

Прогнозларга кўра, давлат бюджети даромадларининг қисқариши, вакциналар сотиб олиниши, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кенгайтирилиши ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини молиялаштириш ва корхоналарни давлат томонидан кредитлаш ҳажмининг ортиши бюджет тақчиллигини 2021 йилда ЯИМнинг 5,4 фоизигача оширади. У асосан давлат қарзларини кўпайтириш ҳисобига молиялаштирилади.

2021 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 42 фоизини ташкил этиши ва ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг 45 фоизи даражасида барқарорлашиши кутилмоқда. Уй хўжаликлари ва корхоналар учун шароитлар яхшиланиши билан инқирозга қарши чораларни босқичма-босқич бекор қилиш ўрта муддатли истиқболда бюджет тақчиллигини камайтиришга олиб келади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 33 миллиард доллардан ошган бўлиб, бу мамлакат ЯИМининг 50 фоизидан ҳам кўп.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 4,3 фоизга, 2022 йилда эса 4,5 фоизга ўсишини прогноз қилгани ҳақида хабар берилган эди. Халқаро валюта жамғармаси эса Ўзбекистон иқтисодиёти учун асосий хавфларни маълум қилганди.