SpaceX компаниясининг Inspiration4 тижорий дастури доирасида коинотга парвоз қиладиган фуқаролик экипажи тўлиқ шакллантирилди. Экипаж командири миллиардер Жаред Айзекман ўзига ҳамроҳлик қиладиган уч кишини танлаб олди. Бу ҳақда миллиардернинг The New York Times’даги баёнотига асосланиб, «РБК» хабар берди.

Фото: AP Photo

Жаред Айзекман парвозда иштирок этиш учун аллақачон тўлиқ тўлов қилган. Шунингдек, у қолган уч нафар иштирокчининг парвозига ҳомийлик қилишини ва уларни маълум бир шартлар асосида танлаб олишини айтганди.

Экипажга тайинланган кишилар: Аризона штатидаги коллеж профессори 51 ёшли Сиан Проктор, Вашингтон штатидан Lockheed Martin компанияси муҳандиси 41 ёшли Кристофер Семброски ва Теннесси штатидаги Авлиё Жуд номли болалар илмий-тадқиқот касалхонасида ишлайдиган шифокор ёрдамчиси Хейли Арсено.

Айзекманнинг таъкидлашича, жамоани танлашда у бадавлат бўлмаган кишиларга космосга учиш имкониятини беришни истаган.

Ушбу экипаж космосга профессионал космонавтсиз чиқадиган биринчи жамоа бўлиши кутилмоқда. Айзекманнинг сўзларига кўра, кема Ерни 539 км баландликда айланиб чиқади. Таъкидланишича, октябрь ойига режалаштирилган парвоз 15 сентябрдаёқ амалга оширилиши мумкин.

1 февраль куни Айзекман Inspiration4 миссияси орқали  Мемфис шаҳридаги Авлиё Жуд номли болалардаги саратон касалликларини ўрганиш ва тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи касалхона учун 100 миллион доллар хайрия маблағлари йиғишни режалаштираётганини эълон қилди. У шахсий маблағи ҳисобидан касалхонага яна шунча миқдорда хайрия қилади.

Айзекман SpaceX компаниясига бўлғуси парвоз учун қанча пул тўлаганини ошкор қилмади, аммо хайриядан кутилаётган маблағ миссия нархидан ошиб кетишини таъкидлади.

Аввалроқ япониялик миллиардер Юсаку Маэдзава Ойга биргаликда парвоз қилиш учун саккиз кишилик жамоага номзодларни қабул қилиши тўғрисида эълон қилган эди. Маэдзаванинг сўзларига кўра, парвоз 2023 йилда амалга оширилади.