Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда Халқаро Нобель ахборот маркази (ХНАМ) президенти Вячеслав Тютюнник хабар берди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Фото: НТВ

Унинг сўзларига кўра, Нобель қўмитасига ариза Норвегия вакиллари томонидан юборилиши мумкин. Ҳеч қандай аниқ исмлар ёки ташкилотлар номи келтирилмаган.

ХНАМга 1987 йилда асос солинган бўлиб, бош қароргоҳи Тамбов шаҳрида жойлашган. Москва, Петербург, Боку, Вена, Гамбург шаҳарларида филиаллари мавжуд. Марказ Нобель сулоласи феномени бўйича тадқиқотлар олиб боради ва халқаро учрашувларни ташкил қилади.

Тютюнникнинг хабар беришича, Рамзан Қодиров «сўнгги 15 йил ичида тарихий жиҳатдан мураккаб бўлган Чеченистон минтақасида мунтазам тинчлик ўрнатиш ва уни сақлашга қўшган улкан ҳиссаси учун» мукофотга номзод қилиб кўрсатилди.

Нобель жамғармаси низомига кўра, номзодлар турли мамлакат парламентлари ва ҳукуматларининг аъзолари, халқаро судларнинг аъзолари, университет ректорлари, ижтимоий фанлар, тарих, фалсафа, ҳуқуқ ва диншунослик профессорлари, тинчлик ва ташқи сиёсат бўйича илмий-тадқиқот институтларининг директорлари, тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндорлари, Норвегия Нобель қўмитаси аъзолари ва маслаҳатчилари томонидан кўрсатилиши мумкин.

Аввалроқ Норвегия парламенти аъзоси Петтер Эйде Black Lives Matter (BLM) ҳаракатини 2021 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод сифатида илгари сурди. Парламентарий ўзининг бу каби қарорини BLM’нинг тизимли ўзгартиришларга боғлиқ чақириқлари бутун дунё бўйлаб тарқалгани билан изоҳлаган. Мукофотга илгари суриш аризасида Эйде BLM АҚШдан бошқа мамлакатларни ҳам ирқчиликка қарши курашишга даъват этганини таъкидлаган.

Шунингдек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху ҳамда Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Зайд ал-Наҳаён Британия лордлар палатаси аъзоси Уильям Дэвид Тримбл томонидан Тинчлик бўйича бериладиган Нобель мукофотига номзодлар сифатида кўрсатилди. Давлатлар раҳбарлари ўзаро тинчлик шартномасини имзолагани туфайли мукофотга номзод сифатида қайд этилган. Икки давлат ўртасидаги келишув Исроил ва араб мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг меъёрлашувига хизмат қилган.

Бундан ташқари, АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер ўз ўринбосари Ави Берковиц билан биргаликда тинчлик учун Нобель мукофотини олиш учун номзодлар қаторига кирди. Кушнернинг номзодлар қаторига киришига Исроил ҳамда араб давлатлари ўртасидаги «Иброҳим келишувлари»ни имзолашда иштирок этгани сабаб бўлган.