Ўзбекистонда 2020 йилда 130 тонна захирали олтин кони топилган. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида «Кон ва истиқболли майдонларни очиқ аукционда инвесторларга сотиш ва белгиланган устувор вазифалар» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Давлат геология қўмитаси бошқарма бошлиғи Асрор Рустамов 2020 йилда маълум қилди.

Фото: «Pressangmk.uz»

Маълум қилинишича, 2020 йилда Навоий вилоятида Қизилқумдаги «Чуқурқудуқ» конида 130 тонна захирали олтин кони топилган. Асрор Рустамовнинг сўзларига кўра, прогнозлар кондаги захира ҳажми яна 70-80 тоннага ортиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Ушбу кон давлат балансига олинган.

Бундан ташқари, Сурхондарёда қазиб олинаётган қўрғошин-рух конининг ёнида яна бир катта кон давлат захиралари комиссиясидан ўтказилган бўлиб, бу «Чинорсой» полиметалл кони дейилади. У ерда қўрғошин-рухдан ташқари, олтин-кумуш захиралари бор комплекс металларга эга кон деб тасдиқланган.

Аввалроқ Навоий вилоятидаги «Мурунтов» 2020 йилда дунёда энг кўп олтин қазиб олинган конга айлангани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрь ойи бошларида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари май ойидан буён биринчи бор қисқарди. Мамлакатнинг расмий захира активлари 1 сентябрь ҳолатига кўра, 34,6 миллиард долларни, халқаро захиралар — 33,8 миллиард долларни ташкил этди. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров олтин-валюта захирасини сотиб, маблағларни мамлакат иқтисодиётини қутқаришга ва ишсизлар сони ортишининг олдини олишга йўналтириш мумкинлигини айтганди.