Жиззахда мактаб ўқувчисини зўрлаб, буни бировга айтса ўлдириш билан таҳдид қилган шахснинг жинояти бошқа жиноят устида фош бўлди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 23 февраль куни Жиззах вилояти Пахтакор тумани Чаманзор қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.Э.нинг турар жойида ўғрилик юз берган. Соат кечки 7 дан 9 гача бўлган вақт оралиғида уйда ҳеч ким йўқлиги, хонадон деразаси очиқлигидан фойдаланган ўғри ётоқхонадаги сейфнинг қулфини бузиб, 8 миллион сўм пулни олиб кетган.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноят жабрланувчининг маҳалладоши М.Б. томонидан содир қилингани аниқланиб, ундан 351 минг сўм ҳужжатлаштириб олинган.

Терговга қадар суриштирув давомида айбланувчининг яна бир жинояти фош қилинган. Маълум бўлишича, у 2001 йилнинг 1 октябрида ҳудуддаги турар жойлардан бирининг ётоқхонасига кириб, пичоқ билан қўрқитиш йўли билан мактаб ўқувчисини зўрлаган. Сўнгра бировга айтса, ўлдириш билан таҳдид қилган. Ушбу шахс жиноятини яшириш мақсадида қизнинг кийим-кечагини ўз яшаш жойидаги ҳожатхонага ташлаб юборган.

Мазкур ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 2020 йилда 14 ёшли қизни ўғирлаш, номусига тегиш каби жиноят содир этилган шахслар жазосиз қолаётгани тўғрисида хабар берилган эди.  Ушбу жиноятни содир этганликда гумонланаётган шахс 2021 йил 18 март куни қамоққа олингани маълум қилинди. Бош прокуратура ва Сенат қўмитаси ҳолатни назоратга олган.