АҚШ расмийлари Россиядан нима сабабдан ўзининг жануби-ғарбий чегараларига қўшин жойлаштиргани ҳақида изоҳ талаб қилди. Қўшма Штатлар буни Украинага қарши провокация деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайсга таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Биз Россиядан ушбу провокацияларга изоҳ беришни сўрадик. Лекин энг муҳими, ... украиналик ҳамкорларимизга, шунингдек, Россияга ҳам, ушбу пўписа ва тажовузга қарши Украинани қўллаб-қувватлашимизни тўғридан-тўғри тушунтириб қўйдик», — деди Нед Прайс.

«АҚШ Россиянинг Украинага қарши тобора кучайиб бораётган тажовузкорлигидан, хусусан, чегараларда ҳарбий кучларнинг кўпайишидан хавотирда ва буни вазиятнинг кескинлашуви деб билади», —дея таъкидлади департамент вакили.

Март ойи охирида The New York Times газетаси 4 минг рус қўшини Украина чегараларига, хусусан, Ростов, Брянск, Воронеж вилоятлари ва Қримга юборилгани ҳақида хабар берди. Ҳаммаси бўлиб, Россия Қуролли Кучларининг 28 та тактик баталён гуруҳлари чегаралар бўйлаб жойлаштирилган.

Россия президентининг вакили Дмитрий Песков ушбу хабарга жавобан Россия қўшинларининг мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши бошқа давлатларга таҳдид солмаслиги ва уларни безовта қилмаслигини айтди. Мудофаа вазирлиги ҳарбийларнинг Қрим ярим оролига боришини Жанубий ҳарбий округнинг режалаштирилган машғулотлари дея изоҳлади.

Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи ҳам ҳарбий қисмларнинг Ростов вилоятига юборилиши тўғрисида хабар берган, гуруҳ маълумотларига кўра, баъзи транспорт воситаларининг рақамлари берк бўлган. Бунга жавобан Песков Россия армияси «Россия ҳудудида зарур деб ҳисоблаган йўналишларда ҳаракатланишини» айтди. Кремль агар НАТО қўшинлари Украина ҳудудида пайдо бўлса ёки қўшни давлатларда ҳарбий блоклар кучайтирилса, Россия ўз хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўришини билдириб ўтди.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Россия президенти Владимир Путиннинг Қрим ва Севастополнинг аксарият ҳудудларида чет эл фуқаролари учун ерга эгалик қилишни тақиқловчи фармонини танқид қилган эди.  Таъкидланишича, Қримда ерга эгалик қилишнинг тақиқланиши халқаро гуманитар ҳуқуқни бузади, чунки бу ҳудуд аҳолисини Россия фуқаролигини қабул қилишга мажбурлайди.

Шунингдек, Канада ва Австралия Қрим сабабли Россияга қарши янги санкциялар эълон қилган эди.