Кариб денгизининг Сент-Винсент оролида 2020 йилнинг декабрь ойида уйғонган энг қадимги вулқонлардан бири бўлган Суфриер вулқони шу ҳафтада фаол ҳаракатга келди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Фото: Twitter

Таъкидланишича, ўтган кунлар давомида вулқондан отилган куллар олти километргача етаётган эди, лекин 8 апрель куни тунда вулқоннинг лаваси кўрина бошлади.

Вест-Индиа университети сейсмологларининг сўзларига кўра, вулқоннинг «кучли портлаши» содир бўлмоқда.

Шу сабабли, мамлакт бош вазири Ральф Гонсалвес хавфли ҳудудда яшаётган 16 мингдан ортиқ аҳолини эвакуацияга чақирди. Одамлар круиз кемаларига, шунингдек, оролнинг хавфсиз қисмларига жўнатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Исландиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Рейкьянес яриморолида 19 март куни олти минг йил ухлаган Фаградальсфьядль вулқони отилган эди. Вулқон мамлакат пойтахти Рейкьявикдан тахминан 30 километр узоқликда жойлашган.

Шунингдек, Суматра оролида Синабунг вулқони ҳаракатга келгани, Сицилияда Этна вулқони, Индонезияда Левотоло вулқони уйғонгани ҳақида хабар берилганди.