АҚШнинг Миннесота штатидаги Бруклин-Сентер шаҳрида қора танли йигит полициячилар томонидан ҳибсга олиниш пайтида ўлдирилди. Шундан сўнг шаҳарда норозилик намойишлари бошланди. Бу ҳақда Star Tribune газетасига асосланиб, «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

Газетанинг ёзишича, ўлдирилган йигит йигирма ёшли Даунт Райт бўлган. Полиция ходимлари йўл ҳаракати қоидаларини бузгани сабабли унинг машинасини тўхтатган. Текширув пайтида полиция илгари Райтни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилганини аниқлади. Қора танли йигит яширинишга урингач, полиция уни отиб ташлади. Машинада бир аёл ҳам бўлган, у касалхонага ётқизилган.

Хабарга кўра, воқеадан бир мунча вақт ўтгач, шаҳар полиция идораси ёнига 500 га яқин одам йиғилган. Улар кетишдан бош тортган, сўнг полиция билан тўқнашувлар юз берган. Намойишчиларни тарқатиш учун полиция кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган.

Газетанинг таъкидлашича, кейинчалик, ҳаракатлар тартибсизликка айланган ва намойишчилар бир нечта савдо марказларига ҳужум қилган. Шаҳар мэри Майк Эллиотт ҳудудда душанба куни соат 6 га қадар комендантлик соати ўрнатган.

Бундан аввал 2020 йилнинг май ойида Миннесота штатида қора танли америкалик Жорж Флойд полиция томонидан ҳибсга олинаётганда полициячи уни ерга ётқизиб, тиззаси билан узоқ вақт бўйнини босиб туриши оқибатида ўлганди. Бунинг ортидан мамлакат бўйлаб ҳуқуқ-тартибот органлари шафқатсизлиги ва ирқий тенгсизликка қарши оммавий норозилик намойишлари авж олди ва Black Lives Matter («Қора танлиларнинг ҳаёти муҳим») ҳаракати пайдо бўлди. АҚШда ушбу норозиликлар фонида тартибсизликлар бошланган, полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашув ҳам бўлганди.

Флойдни ўлдиришда тўрт полициячига нисбатан айблов эълон қилинди: Дерек Човин (Флойднинг бўйнига тизза босган полициячи) ва ҳибсга олишда унинг ёнида бўлган учта ҳамкасби. Шунингдек, АҚШнинг Миннесота штатидаги Апелляция суди қора танли Жорж Флойдни ўлдиришда айбланаётган собиқ полиция ходими Дерек Човинга қарши айбловларнинг бир қисми олиб ташлангани тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш кераклигини маълум қилди.

Афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимидан кейин Миннеаполис (Миннесота штати) шаҳар расмийлари полицияга бўғиш усулини қўллашни тақиқлашга қарор қилди ва Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган Миннеаполис полиция департаменти тарқатиб юборилди.

Шунингдек, марҳум Жорж Флойд оиласига 27 млн доллар миқдорида компенсация тўланиши ҳақида хабар берилди.