Интернет тармоғида тарқалган 15 сониялик видеода Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ўртасидаги келишмовчилик суратга туширилган. Воқеа бўйича Тошкент шаҳар ИИББ маълумот берди.

Фото: Тошкент ИИББ

Қайд этилишича, 2021 йил 11 апрель куни тахминан соат 20:40 да ЙПХ 2-баталони 6-мобил гуруҳи инспектори кичик сержант Ж.Ҳ. Миробод тумани Нукус ва Глинка кўчалари кесишмасида хизмат олиб бориш давомида кечки вақтга қарамасдан ёруғлик мосламалари ёқилмаган Matiz (давлат рақами 10 L 568 PA) русумли автомобилни кўриб қолган.

Мазкур ҳолат Йўл ҳаракати қоидаларининг 134-банди (қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда ёруғлик воситаларини ёқиб юриш) бўйича қоидабузарлик бўлиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) бўйича ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ҳақида ишора берилганига қарамасдан, у Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг талабига бўйсунмаган. Инспектор бу ҳақда йўналиш бўйича хизмат олиб борилаётган ходимларга рация орқали хабар берди.

ЙПХ 2-баталони 4-мобил гуруҳи катта инспектор майор У.И. томонидан кўрилган чоралар натижасида транспорт воситаси Нукус кўчасидаги Макро супермаркети ёнида тўхтатилди. Автомобильни ишончнома асосида бошқарган 32 ёшли Ш.И. тўхтатилгани учун йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимининг ҳаракатларига норозилик билдириб, инспекторни ҳақоратлаб, қонунчиликка нисбатан ҳурматсизлик қилган.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённома расмийлаштирилиб, унинг автомобили жарима майдончасига жойланди.

Бундан аввал Андижонда «тонировка»си учун тўхтатилган Nexia ҳайдовчиси ЙПХ инспектори билан жанжаллашгани, Тошкент вилоятида «ГАИнинг духини синдирмоқчи» бўлган ҳайдовчи 15 суткага қамалгани ҳамда Тошкентда қоидабузар автоблогерни чора кўрмай қўйиб юборган ЙПХ ходими ва унинг бошлиғига чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди.