Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10−12 июнь кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлади, деб хабар берди Asia Plus Тожикистон ҳукуматидаги манбасига таяниб.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, давлат раҳбарлари ўзбек-тожик муносабатларининг барча соҳалардаги истиқболларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Илгари эришилган келишувларни амалга ошириш борасидаги ишлар ҳам таҳлил қилинади.

Ташриф якунларига кўра, икки мамлакат ўртасида транспорт, энергетика, савдо, молия, қишлоқ хўжалиги, маданият ва илм-фан соҳаларида янги шартномалар тўплами имзоланиши режалаштирилган.

Душанбега ташриф доирасида икки давлат санъат усталарининг қўшма концерти — «Шоми дўсти» (Дўстлик оқшоми) ҳам бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тожикистонга 2018 йил март ойида, сўнг 2018 йилнинг сентябрь ойи охирида борганди. Кейинчалик, 2019 йил 14 июнида Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференциянинг бешинчи саммитида иштирок этиш учун Тожикистонга борган.