Кариб денгизининг Сент-Винсен оролида Ла-Суфриер вулқони ҳаракатга келди. Маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш учун саёҳат кемалари оролга келди. Лекин бошқа оролларнинг ҳукуматлари фақат коронавирусга қарши эмланганларни қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди, деб ёзмоқда Business Insider.

Фото: Business Insider

Энг хавфли ҳудудлардан отилиб чиқаётган Ла-Суфриер вулқони яқинидан 16 мингдан ортиқ одамни эвакуация қилиш режалаштирилган. Уларнинг бир қисми Кариб денгизининг Сент-Люсия, Гренада, Барбадос ва Антигуа каби қўшни оролларига юборилади.

Лекин аксарият оролларнинг маъмуриятлари фақат коронавирусга қарши эмланганларни ўз ҳудудларига киритишга рухсат беришини айтмоқда, деб ёзади газета.

«Аҳоли кемаларга чиқишидан олдин коронавирусга қарши эмланиши керак. Сент-Люсияга эмланганлик тўғрисидаги сертификатсиз ҳам бориш мумкин, лекин у ерга боргандан кейин эмланиш талаб этилиши эҳтимоли бор», — деди Сент-Винсет ва Гренадин бош вазири Ралф Гонсалвес.

Таъкидланишича, хавф остида қолганларнинг ҳаммаси ҳам оролни ташлаб кетишни хоҳламаяпти.

Оролда вулқон отилиши 9 апрелдан бошланган бўлиб, у 40 йилдан буён отилган биринчи вулқон бўлди. Табиий офат натижасида орол кул билан қопланиб, кўплаб уйлар электр ва ичимлик суви тармоғидан узилиб қолди. Мутахассислар вулқон отилиши бир неча кун, ҳатто бир неча ҳафта давом этиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, Исландиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Рейкянес яриморолида 19 март куни олти минг йил ухлаган Фаградальсфьядль вулқони отилган эди. Вулқон мамлакат пойтахти Рейкявикдан, тахминан, 30 километр узоқликда жойлашган.

Шунингдек, Суматра оролида Синабунг вулқони ҳаракатга келгани, Сицилияда Этна вулқони, Индонезияда Левотоло вулқони уйғонгани ҳақида хабар берилганди.