Дунё бўйлаб 14 апрель куни камера объективига муҳрланган суратларни тақдим этамиз.

Венгрияда 14 апрель куни қор ёғди. Европанинг бошқа мамлакатлари сингари Венгрияда ҳам ҳосилнинг катта қисми совуқ уриши хавфида қолди.

Фото: EPA

Деҳқонобод туманининг Белибойли қишлоғида эшакка челак ва бидонларни ортган аёл сув олиш учун кетмоқда. Қашқадарёдаги аксарият қишлоқларда кран йўқлиги боис аҳоли 2—3 километр узоқликдаги қудуқдан сув ташийди.

Фото: «Дарё» / Отабек Қўлдошев

Мусулмонлар Макка шаҳридаги Каъба атрофида ижтимоий масофа сақлаган ҳолда бомдод намозини ўқимоқда.

Фото: AP Photo

Жанубий Кореянинг Коян шаҳридаги истироҳат боғида лолаларни суратга олаётган аёл.

Фото: AP Photo

Буюк Британияда 60 йил ичида энг катта тош ва тупроқ кўчкиси содир бўлди. 4000 тонналик кўчки Ситоун ва Ип Бич ўртасидаги пляжни тўсиб қўйган. Яна кўчки ҳосил бўлиш эҳтимоли бор.

Фото: Getty Images

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида кўп йиллардан бери ишламаётган сув тозалаш иншооти. Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, унинг ўспирин жияни иншоотнинг қаровсиз очиқ чуқурчасига бехос тушиб кетиб, ифлос сувдан вафот этган. 2019 йилда депутат Абдулла Ариповга илтимос қилганидан сўнг иншоот таъмирланишни бошлаган, бироқ Ҳисоб палатаси, Қурилиш вазири, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири сабаб 3 йилдан бери объект ўзгаришсиз ётибди.

Фото: Расул Кушербаев

Бангкокдаги Бангна Наи ибодатхонасида ўтказилган тириклайин дафн қилиш маросимида қатнашаётган тобутдаги аёл.

Фото: EPA

Парагвайдаги Серро лагунаси (кичик кўли) маҳаллий саноат чиқиндилари сабаб пушти рангга кирганди. Аммо маҳаллий аҳолининг норозилигидан сўнг актёр Леонардо Ди Каприо кўмаги билан лагуна табиий равишда тикланди. Ҳавзада сув нилуфарлари яна кўриниш берди ва сув асл яшил рангига қайтди.

Фото: Getty Images

Индонезиядаги энг фаол вулқон бўлган Мерапи тоғидан оқиб тушаётган лава.

Фото: Getty Images

Мьянманинг Мандалай шаҳрида ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши намойиш ўтказаётган одамлар. Ҳарбий тўнтаришдан сўнг бутун мамлакат бўйлаб давом этаётган намойишларда камида 700 киши ҳарбийлар томонидан ўлдирилган.

Фото: EPA

Бухоро шаҳрининг Масжиди калон масжидида таровиҳ намозини ўқигандан сўнг тарқалаётган одамларга вилоят ЙҲХБ ходимлари рўза тақвими, хурмо, сув ва антисептик воситаларини улашди.

Фото: «Дарё» / Лайло Ҳайитова

Германияда Шпревальд каналлари орқали почта хабарларини етказиб бериш мавсуми бошланди. Берлиндан тахминан 100 км жануби-шарқда жойлашган каналларга бой ушбу ҳудуд яшил Венеция деб ҳам аталади.

Фото: «ТАСС»

Исроилда уруш ва террорчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганларни хотиралаш кунида танк устига чиқиб олган талабалар.

Фото: AP Photo

Покистоннинг Пешавор шаҳридаги масжидда ифторлик қилаётган мусулмонлар.

Фото: AP Photo

Бразилиянинг Энкантадо шаҳрида 43 метрли Ҳимоячи Масиҳ ҳайкали бунёд этилмоқда. Ҳайкал мамлакатнинг бошқа бир шаҳри — Рио-де-Жанейродаги «эгизагидан» 5 метр баланд қилиб қурилмоқда. Маълум қилинишича, Энкантадодаги Ҳимоячи Масиҳ ҳайкали дунёдаги учинчи энг баланд Исо ёдгорлигига айланади.

Фото: EPA

Тошкентда Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси ва Вазирлар Маҳкамаси биноси оралиғида жойлашган 14 қаватли маъмурий бинони таъмирлаш ҳамда унинг олдидаги фаввора остида автотураргоҳ қуриш ишлари олиб борилмоқда. «Gazeta.uz»нинг Давлат харидлари порталидаги маълумотларга таяниб ёзишича, ушбу таъмирлаш ва қурилиш ишлари 431,5 миллиард сўмга тушади. Ишлар тўлиқ давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда.

Фото: «Дарё» / Мусулмонбек Иброҳимов

Тошкентдаги Мирзо Юсуф (Бодомзор) масжидида таровиҳ намози ўқиётган мусулмонлар. Масжидга сиғмаганлар масжид йўлаклари ва унга ёндош ҳудудларда намозларини адо этмоқда.

Фото: «Дарё» / Мусулмонбек Иброҳимов

Мьянманинг Найпидо шаҳрида бирмача Янги йилини нишонлаш пайтида ўтказилаётган сув фестивали. Мамлакатдаги ҳарбий тўнтаришга қарши ҳаракат фаоллари расмий байрамларни бойкот қилишга чақирмоқда.

Фото: EPA

Қуддусдаги Хотира куни арафасида Ҳерзл тоғида ҳарбий қабристонда ўтказилаётган маросим. Исроилда урушлар ва террористик ҳужумларда ҳалок бўлганларни хотирлаш куни нишонланмоқда.

Фото: EPA

Гладио исмли ўғирланган бенгал йўлбарси Римдаги Биопаркка жойлаштирилди. Йўлбарсларнинг оқ рангда бўлиши жуда камдан кам учрайдиган ҳодиса. Улар ген мутацияси натижасида шундай кўринишга келади. Йиртқичнинг ушбу ўзига хос сифати браконьерлар эътиборини тортади.

Фото: Shutterstock

Индонезиянинг Марказий Сулавеси провинциясидаги Палу шаҳрида муқаддас Рамазон ойида ифторлик вақтини кутаётган болалар қирғоқда вайронага айланган масжид ёнида ўтирибди.

Фото: Reuters

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева ўзаро учрашув вақтида Россия Давлат думаси раҳбари Вячеслав Володиндан гулдаста қабул қилиб олмоқда.

Фото: Россия Давлат думаси

Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғи ҳудудида жойлашган «Юсуфхон ўғли Қосимхон» масжидида таровиҳ намозига келувчилар учун сув тайёрлаб қўйилди. Март ойида фойдаланишга топширилган ушбу масжид хонақоҳида 4,5 минг нафар намозхон ибодатни адо этиши мумкин.

Фото: Twitter / @a_va_z

Японияда ўрнатилган Токио—2020 Олимпиадасига қанча кун қолганини кўрсатувчи табло олдида турган одам.

Фото: Reuters